11 август куни Грузиянинг Тбилиси шаҳрида Ўзбекистоннинг гастрономик тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
Тадбирда 1000 нафарга яқин киши иштирок этди. Тақдимот маросимига турли миллат вакиллари, шу жумладан, грузин, озарбайжон, турк, арман, қозоқ, рус ва араб миллатига мансуб кишилар ташриф буюрди.
Гастронмик тақдимот давомида йиғилганларга 1000 та манти, 500 та хинкали ва 500 килограм палов тайёрлаб тарқатилди. Шу билан бирга, Ўзбекистондан олиб борилган ширинликлар ҳам тарқатилди.
Айниқса, Грузия хинкалиси ва ўзбек мантиси ўртасидаги «беллашув» маҳаллий аҳоли ҳамда меҳмонлар ёдида сақланиб қоладиган бўлди. Унда Ўзбекистоннинг манти таоми ғолиб бўлди. Шу билан бирга, тбилисиликлар Ўзбекистоннинг машҳур миллий таомларидан тортиб то шарқона ширинликлар мазасигача татиб кўришга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари ўзбек ва грузин халқининг мусиқий чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлаб, барчани рақсга чорлади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбирлар Тошкент—Тбилиси—Тошкент тўғридан-тўғри мунтазам авиарейсининг очилиши шарафига ўтказилмоқда. Мазкур тақдимотни ўтказишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши баробарида Грузиядаги ўзбек диаспораси ҳамда Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонасининг ҳиссаси катта бўлди.
Изоҳ (0)