Ижтимоий тармоқларда йўл четида тез тиббий ёрдам машинаси шифокорлари билан содир бўлган муштлашув акс этган видеолавҳа тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.

Фото: «UzNews»

Маълум бўлишича, видеолавҳада акс этган тез тиббий ёрдам бригадаси ССВ тизимига қарашли бўлмаган.

«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда пойтахтдаги 12 та тез тиббий ёрдам бўлимларида 179 та тез тиббий ёрдам бригадаси штат режимида туну кун ишлаб турибди ва суткасига ўртача 3 мингта мурожаат бўйича хизмат кўрсатмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Дастлабки текширувларга кўра, видеоёзувдаги ходимлар ва машина хусусий тиббиёт муассасасига тегишли тез тиббий ёрдам бригадасиники эканлиги аниқланган. Вазирлик ўз ваколати доирасида мазкур ҳолатни ўрганиб, тегишли чораларни кўриши ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар берилишини маълум қилган.