Бугун, 14 август санасида кўҳна ва муҳташам Истанбул футбол бўйича УЕФА Суперкубоги беллашувига мезбонлик қилади. Унда Англиянинг икки жамоаси — «Ливерпуль» ҳамда «Челси» ўзаро кураш олиб боради. Юрген Клопп жамоаси ушбу ўйинга Европа Чемпионлар Лигаси мусобақаси ғолиби сифатида етиб келган бўлса, Маурицио Сарридан инглиз футболи афсоналаридан бири Фрэнк Лэмпард қўл остига ўтган «Челси» эса Европа Лигасининг бош соврини соҳиби сифатида ташриф буюради. Биз эса Суперкубок атрофида юз берган ва бераётган воқеликларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Европа Суперкубоги

Фото: Twitter

Истанбул мезбонлик қиладиган навбатдаги Суперкубок баҳси ҳисоб бўйича 44 марта ўтказилмоқда. Яъни шунча мавсумдан бери Чемпионлар ҳамда Европа Лигаси ғолиблари Суперкубок учун майдонга тушиб келмоқда. 2016 йил декабрида УЕФА илк бор ўз таснифидаги мусобақалар мезбонини аниқлаш учун очиқ тендер эълон қилди. Мусобақа мезбонлигини ўзида қабул қилишга қизиқиш билдирган ассоциациялар 2017 йил 6 июнига қадар ариза топшириши керак эди. 7 июнда эса Альбания («Миллий стадион»), Франция («Тулуза» стадиони), Исроил («Самми Офер»), Қозоғистон («Остона» аренаси), Шимолий Ирландия («Уиндзор Парк»), Польша («ПГЕ Арена»), Туркия («Водафон Парк») мезбонлик ариза топширгани маълум бўлди.

2017 йил 20 сентябрида эса УЕФА Туркиядаги «Водафон Парк»ни Европа Суперкубогининг мезбони сифатида эълон қилди. Бу Туркия мезбонлик қилаётган илк Европа Суперкубок баҳси ҳисобланади. Шунингдек, 2005 йилги Чемпионлар Лигаси ҳамда 2009 йилги «Отатурк» стадиони мезбонлик қилган УЕФА таснифидаги мусобақалардан сўнг учинчисидир.

«Бешиктош» эгалик қиладиган «Водафон Парк» 2016 йил 10 апрелида очилган. Арена ўз бағрига 41 903 томошабинни сиғдира олади.

«Ливерпуль»

Фото: Twitter

Юрген Клопп шогирдлари мавсумни қайсидир маънода яхши ва яна қайсидир маънода ёмон бошлади. Хўш, аввал яхшиси ҳақида гапирадиган бўлсак, жамоа ўйини аввалги мавсумдаги даражадан тушмаган. Англия Суперкубоги учун баҳсда «қизиллар» «Манчестер Сити»дан қолишмаган ҳолда ўйин намойиш этди. Шунингдек, Англия Премьер лигаси янги мавсумини йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади. Ёмони эса тушунганингиздек, чемпионатда бўлгани сингари яна бир совринни «Манчестер Сити»га бой берди. «Ливерпуль» бугунги учрашув олдидан кадрлар бўйича қатор муаммоларга эга. Энг катта йўқотиш, шубҳасиз, бразилиялик Алиссоннинг жароҳати. Алиссон Премьер лига 1-туридан ўрин олган «Норвич»га қарши ўйинда жароҳат олиб, камида 6 ҳафтага сафдан чиқди. Мерсисайдликлар унинг ўрнини эса Адриан билан билдирмасликка ҳаракат қилади. Бироқ унда катта ўйинлар тажрибаси камлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Шунга қарамай «Вест Ҳэм» собиқ посбонида «Челси»га қарши ўйнаш тажрибаси етарлича. Бундан ташқари жароҳат сабаб Деян Ловрен, Натаниэл Клайн ҳамда Наби Кейталар Суперкубок баҳсида «Ливерпуль»га ёрдам бера олмайди.

Қайд этиш жоиз, инглиз клублари ичида «Ливерпуль» ҳозирча Европа Суперкубогининг сўнгги ғолиби бўлиб турибди. Мерсисайд клуби 2005 йил Москванинг ЦСКАсини мағлуб этиб, кубок соҳиби бўлганди.

«Челси»

Фото: Twitter

Янги бош мураббий Фрэнк Лэмпард қўл остига ўтган «Челси» учун бу мавсум осон ўтмаслиги аввалданоқ тахмин қилинганди. Не бахтки, тахминлар ҳам Англия Премьер лигасининг 1-туриданоқ оқланди. «Челси» сафарда «Манчестер Юнайтед»га 0:4 ҳисобида ютқазди. «Аристократлар» мусобақа тарихида «Юнайтед»га бунчалик йирик ҳисобда ютқазмаган эди. Шунинг ўзиёқ Лэмпард олдида жуда қийин йўл кутиб турганини кўрсатиб берди. Тўғри, Лондон клуби энг асосий юлдузи Эден Азар, жамоа ҳимояси таянчларидан бири Давид Луисдан ажралди. Аммо Фрэнк энди жамоани уларсиз ўйнашга ўргатиши лозим. Шунинг учун ҳам Лэмпард жамоага олиб келинган, назаримизда. «Ливерпуль»га қарши ўйин эса нафақат Лэмпард, балки бутун «Челси» учун ҳам катта синов вазифасини ўтайди. Бу синовдан ўтиш орқали эса жамоа ўз ўйинини бир мунча тартибга келтириб, «рельс»га тушиб олишга кўмак беради. Жароҳатлар ҳақида гап кетадиган бўлса, Каллум Ҳадсон-Одои ҳамда Рубен Лофтус-Чик ўйинни ўтказиб юбориши аниқ. Жароҳатдан тўлиқ тикланиб улгургмаган, аммо ўйин қайдномасидан ўрин олган Антонио Рюдигер ҳамда Виллиан эса баҳсни захира ўриндиғидан бошлаши кутилмоқда. Бундан ташқари энг катта йўқотишлардан бири Нголо Кантенинг ҳам майдонга тушиши ҳамон сўроқ остида.

Ўйиндан олдинги фикрлар

Фото: Twitter

УЕФА Суперкубоги — бу сифат белгиси. Агар сен унда иштирок этмаётган бўлсанг, демак сен ўз финалингни ютмагансан. Мен аввал Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси финалларида мағлуб бўлганман. Бу сафар эса бошқача. Мен бу ўйинни интизорлик билан кутмоқдаман. Бу топ даражадаги ўйин бўлади.

Юрген Клопп, «Ливерпуль» бош мураббийи

Фото: Twitter

Бу — мен учун мураббий сифатидаги евроаренадаги илк ўйиним бўлади. Ҳар бир ўйинчи бу учрашув иккала клуб учун ҳам қандай аҳамият касб этишини тушуниши лозим. Футболчилар майдонда бор кучини бериши керак бўлади. Бизни олдинда жиддий синов кутмоқда.

Фрэнк Лэмпард, «Челси» бош мураббийи

Тахминий таркиблар

«Ливерпуль»: Адриан — Трент Александер-Арнолд, Жоэл Матип, Виржил ван Дейк, Эндрю Роберцон — Фабиньо, Жордан Ҳендерсон, Жеймс Милнер — Муҳаммад Салоҳ, Роберто Фирмино, Садио Мане.

«Челси»: Кепа — Курт Зума, Андреас Кристенсен, Маркос Алонсо, Сезар Аспиликуэта — Жоржиньо, Ковачич, Мейсон Маунт — Кристиан Пулишич, Педро Родригес, Оливе Жиру.

Европа Суперкубоги

14 август, чоршанба

«Ливерпуль» — «Челси» 00:00

Бош ҳакам: Стефани Фраппар

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!

Муаллиф:Асрор Абдуназаров