2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари кенгашларига берилади. Бу Президентнинг жорий йил 13 август куни эълон қилинган фармонида кўзда тутилган.

Фото: ЎзА

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объeктлари, жумладан, таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилади.

Унга мувофиқ:

фойдаланилмаётган активларнинг мулкдорлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Давергеодезкадастр" қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг тегишли сўрови келиб тушган вақтдан бошлаб икки ой муддатда балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилоти (агар мавжуд бўлса) билан келишилган, фойдаланилмаётган объeктлар ва бўш турган ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим этиши шарт;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объэктларни хўжалик фаолиятига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан «йўл харитаси» тасдиқланади;

фойдаланилмаётган активларнинг балансда сақловчиси томонидан «йўл харитаси» тақдим этилмаган ёки унда назарда тутилган фойдаланилмаётган активлардан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаган ёхуд «йўл харитаси»ни тасдиқлаш рад этилган ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўз ваколатлари доирасида фойдаланилмаётган активларни олиб қўйиш ва сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.