Депутат Расул Кушербаев Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги ноқонуний бузилаётганлар уй-жойлар билан боғлиқ маш-машаларга ўз муносабатини билдирди. Қуйида унинг фикрлари тўлиғича келтирилди.
Яқинда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги ноқонуний бузилаётганлар уй-жойлар билан боғлиқ маш-машалар ҳақида фикр билдириб ўтгандим. Бу ишлар жуда оғир кечди...Аслида аҳоли норозилигига сабаб шаҳар ҳокимлиги ва уларга топшириқ бераётган республика идораси масъулларининг ‘бу Президент топшириғи’, деган инсофсиз ҳаракатлари билан боғлиқ эди. Буни барчамиз билиб бўлдик.
Буни қарангки давлатимиз раҳбарининг ‘мен буз, деб топшириқ бермаганман’, дея масъулларнинг Президент номини сотиб аҳоли норозилигини келтириб чиқараётганлигини танқид қилиб ўтганидан сўнг вазият анча ўзгариб, кўпчилик инсофга қайтишни бошлаган кўринади. Жумладан, Янгийўл шаҳридаги масъуллар ҳам.
Куни кеча масъуллар Янгийўл шаҳар Самарқанд кўчасидаги бузмоқчи бўлган 113 ва 115-сонли кўп қаватли уйларнинг аҳолиси билан учрашиб, энди бузиш ишлари қатъий қонун талаблари асосида, фақатгина мулкдорларнинг розилиги бўлган тақдирда амалга оширилиши ва шу сабабли бу уйларни бузиш ҳақида шаҳар ҳокимининг қарори 2 август куни махсус янги қарор билан тўхтатилганини билдиришибди.
Шу кўчадаги «аҳоли розилиги билан» (аслида қаттиқ норозилиги билан) бузиб ташланган 103, 105-уйлар ўрнида эса замонавий 5-қаватли турар жой қурилаётгани маълум қилинибди.
Эҳ аттанг, 113 ва 115-сонли уйларнинг эгалари «уйимизни бузманг» деб, замонавий 5-қаватли уйлардан қолиб кетибди.
Аҳоли бу хабарни менга ҳам етказиб, оғир дамларда уларни қўллаганим ва бирга бўлганим учун миннатдорчилик билдириб, ўзим учун бўлган ноқулайликка узр сўрашибди. Очиғи бунақаси камдан кам бўлади.
Расул Кушербаев, Депутат