2019 йил 4 август куни соат 00:20 ларда Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани «Мирзо Улуғбек» МФЙда яшаган 38 ёшли Қобил Рўзиев Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи «Навбаҳор—Нурота» йўлининг четидан тан жароҳатлари билан топилган, бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.
Фуқаро тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан туман марказий шифохонасига олиб борилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай шу куни вафот этган. Аниқланишича, Қобил Рўзиев йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳат олган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар, ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи ва унинг бошқарувидаги автомашина ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига ёки «102» телефон рақамига хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)