Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати Макка ва Мадина шаҳарларида ҳожилар учун яратилган шарт-шароитлар ва хизматлар сифати ҳақида «Дарё»га маълумот тақдим этди.
Ўзбекистонлик ҳожилар учун Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, «Масжидул Қубо», «Масжидул қиблатайн» каби тарихий, муқаддас қадамжоларга зиёрат уюштирилиб, ҳар бир масканнинг тарихи, унинг ислом дини тарихидаги аҳамияти ҳақида қизиқарли маълумотлар берилмоқда. Ҳожилар Макка шаҳрига етиб келгач умра амалларини адо этмоқда.
«Яратганга шукур-ки, бу йил биз ҳожиларга эътибор ўзгача бўлмоқда. Ёшим саксон иккида, бир умрлик орзуим мана ушалди. Бу йилда ҳаж тўловларининг арзонлашгани бир томон бўлса, бу ерда бизга яратилган шарт-шароитларни, хурмат-эътиборни кўриб, хайратдаман. Мадинаи Мунавварада меҳмонхонадан Пайғамбаримиз масжидларигача 40—50 қадам, Маккаи Мукаррамада Харамдан унча узоқ бўлмаган хашаматли янги меҳмонхона, биз учун кеча-ю кундуз давомида янги автобуслар бепул хизмат кўрсатмоқда. Барча ташкилотчиларга, хизматчиларга, хусусан муҳтарам Юртбошимизга ўзимизнинг самимий дуоларимизни билдирамиз», — деб таъкидлади Макка шаҳрига етиб борган самарқандлик зиёратчи 85 ёшлик Маҳматқулов Эгамберди ота.
Ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхоналарда тиббиёт марказлари ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳожиларга туну-кун малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Бу йил 7200 нафар зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба «Масжид ан-Набавий»дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли «Пуллман Замзам» меҳмонхонасига жойлашди.
Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли «Аброжул Ҳидоя» меҳмонхонасининг барча шароитларга эга бўлган хоналарида истиқомат қилишмоқда. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун меҳмонхонадан Ҳарамгача туну-кун (24 соат) махсус барча қулайликларга эга автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилда ҳаж учун тўловлар 38 миллион сўм (4 900 АҚШ доллари)ни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 33,3 миллион сўм ( 3 790 АҚШ доллари)ни ташкил этди.Қўшни Қозоғистонда ўтган 2018 йилда ҳаж зиёрати учун тўловлар 4 200 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2019 йилда 4 800 АҚШ долларини ташкил этди.
Изоҳ (0)