Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 15-тури доирасида 31 июль, чоршанба куни 4 та ўйин ўтказилади.
Куннинг дастлабки ўйинида Вадим Абрамов қўл остидаги Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ўз майдонида Термизнинг «Сурхон» жамоасини қабул қилади. Учрашув соат 18:00 да старт олади.
Маълумот учун, «қалдирғочлар» аввалги турда «Динамо»ни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратганди. «Сурхон» эса «Насаф»га ютқазганди (1:3).
Олмалиқнинг ОКМК клуби «Андижон»га қарши майдонга тушади. Беллашув соат 19:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, олмалиқликлар 12 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалида 11-ўринда бораётга бўлса, 12-поғонани эгаллаб турган «Андижон» ҳисобида 12 очко мавжуд.
Ўтган турда «Қизилқум»га мағлуб бўлган (0:1) Наманганнинг «Навбаҳор» клуби сафарда «Бухоро» билан баҳсга киришади.
Қайд этиш жоиз, «лочинлар» 21 очко жамғариб мусобақа жадвалида 6-ўринни банд қилиб турибди, «Бухоро» эса 10 очко билан 13-ўринда бормоқда.
Рўзиқул Бердиев бошлиқ Қаршининг «Насаф» жамоаси ўз уйида Бекободнинг «Металлург» клуби билан беллашади. Иккала ўйинга ҳам соат 20:00 да старт берилади.
Таъкидлаш лозим, мусобақа жадвалида 3-ўринда бораётган Қарши клуби ҳисобида 24 очко мавжуд. «Металлург» эса 17 очко тўплаб, 9-ўрин билан кифояланиб турибди.
Coca-Cola Суперлигаси
15-тур баҳслари
31 июль, чоршанба
«Бунёдкор»—«Сурхон» 18:00
ОКМК—«Андижон» 19:00
«Бухоро»—«Навбаҳор» 20:00
«Насаф»—«Металлург» 20:00
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)