«Ўзбекконцерт» раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров қўшиқлардаги ножўя сўзлар (сўкишлар)га уруш эълон қилгани ва «репни назоратга олгани» ҳақида берган интервьюси интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, деб ёзади Sputnik.

Фото: Sputnik

Хусусан, «Абдуқаҳҳоров қўшиқ матнида ножўя сўзларни ишлатишни бас қилишлари учун рэперлар устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлингани ҳақида гапирди», — деб ёзади нашр.

«Ўзбекконцерт» раҳбарининг сўзларига кўра, ўз вақтида кўрсатилмаган эътибор туфайли рэперлар реп матнида сўкишларни ишлата бошлаган ва уларнинг хатти-ҳаракати ҳам ножўялашиб кетган. Эндиликда муассаса ходимлари ўз олдиларига рэперларга миллий анъана ва миллий маданият ҳақида куйлаш лозимлигини етказишни мақсад қилиб олган.

Айни вақтда «Ўзбекконцерт» раҳбарининг реп назоратга олингани ҳақидаги гаплари интернет фойдаланувчилари эътиборига тушиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Сайёра Хўжаева, «О, Худо, яқинда бутун дунё устимиздан кулишни бошлайди», - дея ҳиссиётли пост қолдирган.

Никита Макаренко эса: «Худога шукр. Мамлакатимизда ҳеч бўлмаса нимадир назорат остида. Тупак, тинч ором ол. Реп ишончли қўлларда», — дея сарказм қилган.

Нигора Муҳаммедова никли яна бир интернет фойдаланувчиси эса эндиликда маҳаллаларда радиоузелларда Зулфия шеърлари билан биргаликда назорат остида бўлган реплар ўқиб эшиттирилишини айтган ва «Эй ҳоким, посмотри на меня. Делай как я, делай как я», — дея гўёки келажакда ўқиладиган репдан бир парча келтирган.