Аргентина футбол федерацияси президенти Клаудио Тапиа Жанубий Америка футбол конфедерацияси томонидан ФИФА кенгашидан чиқарилди. Бу ҳақда ЦН хабар берди.
Бунга унинг Копа Америка—2019 мусобақасида давомидаги танқидлари асосий сабаб бўлди. Очиқ хатда у Жанубий Америка футболи раҳбариятини, шунингдек, Бразилия футбол федерациясини танқид қилди. Аргентина терма жамоаси мусобақанинг ярим финалида Бразилияга имкониятни бой бергандан (0:2) сўнг у ҳакамлар ишидан ва майдоннинг талабга жавоб бермаслигидан норози бўлди.
Бундан ташқари, у эквадорлик ҳакам Родди Самбранонинг Бразилияга қарши ўйиндаги баҳсли вазиятларда VAR’га мурожаат қилмаганини айтди. Шу билан бирга Тапиа КОНМЕБОЛ ҳакамлар департаменти раҳбарияти ушбу ўйинда юзага келган баҳсли вазиятларга жавобгар бўлиши кераклигини маълум қилди.
Жанубий Америка футбол конфедерацияси ташкилотга қўйилган жиддий айбловлар сабаб шундай қарорга келганини маълум қилди. КОНМЕБОЛ Аргентинадан ФИФА кенгашига вакилни кейинроқ сайланишини ва сайловлар вақтини маълум қилишини эълон қилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)