2019 йил январь-июнь ойи якунларига кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 166 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб Spot хабар беради.
Хусусан, ташқи савдо айланмаси 19,6 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,8 фоизга ўсди. Экспорт ҳажми 8,4 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати 27,0 %) ва импорт ҳажми 14,2 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати 32,0 %) етди. Ташқи савдо салдоси минус 2,8 млрд АҚШ долларини ташкил қилди.
Экспорт таркибида товарлар 81,5 фоиз улушга эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (16,8 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (9,4 %), тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари (9,1 %), рангли металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (5,8 %) ҳамда қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (1,7 %) ҳиссасига тўғри келмоқда. Олтин ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, жами товар ва хизматлар экспорти 6,3 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 24,7 фоизга ўсди.
Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Афғонистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади.
Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг қисмлари (43,6 %), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,3 %) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (8,2 %) ҳисобига тўғри келди.
Импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 млрд АҚШ долларидан кўп импорт қилинди ва 10,1 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 1 млрд АҚШ долларига етган.
Республикага 144 дан ортиқ хорижий давлатлардан товар ва хизматлар импорти амалга оширилган. Шулардан 7 та энг йирик бўлган Хитой, Россия, Корея, Қозоғистон, Туркия, Германия ва АҚШ ҳамкор давлатларидан жами импорт ҳажми 7 млрд АҚШ долларига тенг. Бу эса умумий импорт ҳажмининг 69,1 фоизини ташкил қилади.
Изоҳ (0)