Марказий ҳарбий округга қарашли Жиззах вилояти мудофаа ишлар бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник-мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида бу йилдан бошлаб ҳарбий чавандозлар тайёрланади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ Матбуот хизмати маълум қилди.
Марказий ҳарбий округда йилига 100 нафар, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида жами 700 нафар ҳарбий чавандоз тайёрланадиган мазкур ўқув марказлар фаолияти Президентнинг 2018 йил 12 декабрь ПҚ-4061 сонли қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги таркибида ташкил этилди.
Шунингдек, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотидаги айрим мутахассисликлар, яъни алоқа, ошпаз, ҳайдовчи йўналишларида ўқитиш 2019 йилнинг январь ойидан Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилди.
Ҳозирги вақтда вазирлик ва марказий ҳарбий округ томонидан ўқув марказларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш ва тайёрловдаги мутахассисликларни сон ва сифат даражасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, марказ раҳбари – ҳарбий лавозими очилди. Шу билан бирга, республика миқёсида «Энг яхши марказ» танлови ўтказилмоқда. Айни дамда Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказ фаолияти, ўқув моддий базаси ҳамда амалий машғулотлар жараёни Қуролли Кучлар бош штабига қарашли Ташкилий сафарбарлик бош бошқармаси офицерлари томонидан текширилмоқда.
Республика бўйича 14 та ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ёшлар олти ойлик ўқув курсларида ўқитилади. Ушбу марказга чақирувчилар тиббий кўрик ва имтиҳон асосида ва чақирув ёшида бўлган (18–23 ёш) фуқаролар қабул қилинади. Ҳафтасига беш кунлик ўқув соати, ҳарбий кийим-бош, ётоқхона билан таъминланиб, мазкур тайёрлов курсларидан ўтганлар имтиёз асосида бир йиллик ҳарбий хизматга (чақирув комиссиясини қарори асосида) юборилади.
Маълумот учун, мазкур ўқув маркази алоҳида ҳарбий мутахассисликлар бўйича дастлабки тайёрлов курслари вазифасини ўтаб, келгусида Мудофаа вазирлиги, ДХХ чегара қўшинлари ҳамда Миллий гвардия қўмондонлиги таркибидаги ҳарбий кадрларни бутлаш мақсадида ташкил этилган.
Изоҳ (0)