2019—2020 ўқув йилидан бошлаб, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби ўзгарганлиги ҳақида Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотларига таяниб Zarnews хабар қилади.
2018—2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сонли қарори билан тасдиқланган «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Низомга асосан, ўқувчилар ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига 1-синфни тугатиб, 2-синфга ўтишларида, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатларига 4-синфни тугатиб, 5-синфга ўтишларида отаси-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан аризаси билан муассасалар маъмуриятига мурожаат қилинган. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг психологик тест синовлари ҳамда йўналиш бўйича тестлар олиниб, юқори балл тўплаган ўқувчилар муассасага қабул қилинган.
2019—2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 10 июлдаги 02-02/2-1208-сонли хатида ўн бир йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилгани муносабати билан, кўпчилик ота-оналар ва педагоглар томонидан таклифлар билдирилди. Шуларни инобатга олиб, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартибига ўзгартириш киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди ва имзога киритилди.
Энди, 2019—2020 ўқув йили учун ўқувчилар ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига 5-синфдан, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатларига 7-синфдан қабул қилинади.
Изоҳ (0)