Колбаса ишлаб чиқарувчиларга ноқонуний тарзда гўшт етказиб бериш ҳолатлари алоҳида рейдлар билан ўрганилмоқда. Бу ҳақда 19 июль куни Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.
Анжуманда Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров колбасанинг қандай тайёрланишини кўрган одам колбаса емай қўйишини таъкидлади.
«Колбаса қайта ишланувчи маҳсулот ҳисобланади. Колбаса аслида қандай тайёрланишини билсангиз, уни емайсиз», — деди Акбаров.
Қўмита раиси ўринбосарининг маълум қилишича, колбаса ишлаб чиқарувчиларга ноқонуний тарзда гўшт етказиб бериш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида алоҳида рейдлар ўтказилмоқда.
«Бутун дунёда колбаса ишлаб чиқарувчилар ўзлари учун алоҳида ферма қурмайди. Колбаса ишлаб чиқарувчиларга ноқонуний тарзда гўшт етказиб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Беш қўл баробар эмас. Бунинг олдини олиш мақсадида Карантин хизмати билан бирга патруль постлар ва белгиланган бошқа жойларда алоҳида рейдлар уюштирамиз. Бундан ташқари, ноқонуний цех ташкил қилиб олган шахслар бўйича ҳам иш олиб бормоқдамиз», — дея қўшимча қилди қўмита вакили.
Изоҳ (0)