«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» романи ҳақида ҳикоя қилади.
Флешбек
Лотин Америкаси адабиётининг буюк вакили бўлмиш Габриэль Гарсия Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» асарини биринчи марта қўлимга олганимда, адашмасам, 14 ёшларда эдим. Бувимнинг уйидаги рутубатли, эски китоблар ҳиди одамни маст қилувчи қоронғу хонада танишганман бу асар билан. Менда илк бор китобга қизиқиш пайдо бўлган даврда китобларни фақат номи ўзига жалб қилсагина танлаб ўқирдим. Ўша пайтда номи билан диққатимни тортган ана шундай китоблардан бири «Ёлғизликнинг юз йили» асари бўлган.
Уни ўқиш жараёнида, хотирам қанчалик кучли бўлмасин, ақлим тиниб кетарди. Китоб ўртасига келганда аллақачон чалкашиб кетгандим. Қаҳрамонлардан ким кимга ким эканлиги, ҳаммасининг исмлари бир хиллиги чарчатиб юборди. Асардан ҳафсалам пир бўлиб, ярмида ўқимай қўйдим.
Орадан йиллар ўтиб, талабалик давримда испан тили асосий тилим бўлгани боис оригиналида ўқий бошладим. Энди асардан бошқача нарсалар ола бошладим, Маркес ўз ишининг – «мўъжизавий реализм»нинг ҳақиқий устаси эканини тан олдим. Асар қаҳрамони Хосе Аркадио Буэндиадай арвоҳ каби бўлиб қолишдан қўрқдим: ҳеч ким бундай тақдирни ўзига раво кўрмайди, аммо бу содир бўлаверади. Ҳаммасига сабаб эса қўрқоқлигимиз, ғуруримиз, аҳмоқона катта кетишимиз-у вақтида тўхтай олмаслигимиздир.
Асарни ўқиб англадимки, вақтида тўхтаб, ўзимизни ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак, акс ҳолда ёлғизлигимиз юз йилига шўнғиб кетамиз...
Роман ҳақида
«Ёлғизликнинг юз йили» – буюк колумб ёзувчиси Габриэль Гарсия Маркесга Нобель мукофотини олиб келган машҳур асар. Роман ҳозирги кунга келиб испан тилидан бошқа тилларга энг кўп таржима қилиниш бўйича Мигел Сервантеснинг «Дон Кихот»идан кейинги ўринда туради. Роман «мўъжизавий реализм» деб номланган йўналишда ёзилган. Бунга сабаб, асарда нореал нарсалар оддий ҳолдай кўрсатилади.
Асар Маркес томонидан 1965–1966 йилларда 18 ой ичида Мехико шаҳрида ёзиб тугатилган. Асарнинг оригинал ғояси 1952 йилда, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи Аракатакага ташриф буюрганида туғилган. Адиб 1954 йилда ёзилган «Шанбадан кейинги кун» ҳикоясида илк бор Макондо шаҳри тилга олинади. Аслида Маркес романининг номини «Уй» деб номламоқчи бўлган, охир-оқибат ёзувчи Альваро Самудионинг «Катта уй» романига ўхшаб қолмаслиги учун «Ёлғизликнинг юз йили» номини танлаган.
Назаримда, асар машҳурлашишига унинг номи ҳам жуда катта ҳисса қўшган, менга ўхшаб китобни номига қизиқиб ўқиб кўрган болалар кўп бўлган бўлса керак.
Асарда Маркес тасаввур кучининг чўққиси орқали Буэндиа сулоласининг ёлғизликка маҳкум бўлган етти авлоди ҳақида ҳикоя қилади. Китобда драматизм учун керак бўладиган ҳамма ингредиентлар бор: инсест, заҳарлаш, фитна, севги учбурчаги, қасос ва ҳоказо. Инсон психологиясининг ҳамма тарафи кўрсатилган. Ном сюжетга жуда мос ва бу ерда ҳар бир қаҳрамон ўзгача ёлғиз...
Сюжет
Роман номланмаган боблардан иборат. Тушуниш осон бўлиши учун асарнинг энг эътиборга молик «гўшт» қисмларидан ташкил топган тўрт даврга бўлиб чиқдим.
1-давр. Макондо
Ўз қариндоши Хосе Аркадио Буэндиага турмушга чиққан Урсула Игуаран қариндошлар никоҳи оқибатида чўчқа думли фарзанд туғилади, деган афсоналарга ишонган ҳолда эри билан бир ярим йил яқинлик қилмайди. Урсула турмушга чиққанига бир ярим йил бўлган бўлса-да, ҳалигача бокиралиги сабаб Хосе Аркадио билан хўроз уриштириб ютқазиб қўйган Пруденсио Агилар исмли шахс Хосе Аркадионинг устидан эркаклик қувватига эга эмас, деб кула бошлайди. Бундан дарғазаб бўлган Хосе Аркадио Агиларни ўлдириб қўяди. Уни мунтазам равишда Агиларнинг арвоҳи безовта қилишни бошлайди. Хосе Аркадио шаҳарни тарк этишга қарор қилади.
Чангалзорлар ичра тентираб юриши жараёнида қилган орзуларидан илҳомланган ҳолда бир маконга келади ва шу ерда Макондо шаҳарчасига асос солади. Шаҳарга тез-тез лўлилар келиб туради. Лўлилар йўлбошчиси Мелкиадес ҳар сафар ўзи билан Хосе Аркадионинг ақлини шоширадиган ҳар хил антиқа буюмлар олиб келади.
Бу пайтга келиб жуфтлик учта фарзанд кўради: Хосе Аркадио (боласининг исми ҳам шунақа), Аурелиано ва Амаранта. Булардан ташқари, Ребека исмли ўз қариндошлари бўлган етим қизни асраб олишади. Ребека ва Хосе Аркадио Кичкина ўртасида муҳаббат пайдо бўлади ва Урсуланинг қаршилигига қарамасдан, яна қариндошлар турмуш қуради.
Макондода уйқусизлик касали тарқалади, касалланган одамларда хотирасини йўқота бошлайди. Бу касалликни лўли Мелкиадес буткул даволайди ва миннатдорлик сифатида шаҳарда доимий яшай бошлайди. У пергаментга сирли нарсалар ёза бошлайди.
Хосе Аркадио Буэндиага яна Агилар арвоҳи кўрина бошлайди ва у тамоман ақлдан озади. Оиласи уни қорақайинга боғлаб қўйишга мажбур бўлади ва у узоқ вақт дарахт остида ёлғизликда қолади, охир-оқибат юрак хуружидан вафот этади.
2-давр: Фуқаролар уруши ва полковник Аурелиано Буэндиа
Либераллар ва консерваторлар ўртасида фуқаролар уруши бошланади. Уруш бошида Аурелиано Буэндиа консерваторларга қарши Макондо аскарлари раҳбари бўлиб урушга кетади. Ўрнига жияни Аркадиони Макондонинг ҳарбий бошлиғи қилиб қолдиради.
Аркадио Хосе Аркадио Кичкина ва унинг ўйнаши Пилар Тернеранинг фарзанди бўлиб, бобоси ва бувисининг уйида тарбияланади. Унинг келиб чиқишини яширишади ва у бобосини дадам деб ўйлаб улғаяди (энди тушундингизми, Лотин Америкаси сериаллари қаердан пайдо бўлганини?). Макондога ҳоким бўлгач, у диктаторга айланади, черковни тақиқлайди, консерваторларни бадарға қилади. Консерваторлар томонидан отиб ўлдирилади.
Аурелиано Буэндиа эса ўзининг либераллар йўлбошчиси сифатидаги фаолияти давомида 32 марта катта жангларда қатнашади ва ҳаммасида ютқизади. Мағлубиятлардан чарчаган полковник қуролли кураш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини англаб етади. Кейинчалик Аурелиано тинчлик шартномасини имзолайди, шундан сўнг жонига қасд қилади, аммо шуни ҳам эплай олмайди (32 жангнинг барида ютқизган одамдан яна нима кутиш мумкин?). У Макондога қайтади ва умрининг охиригача ёлғизликда олтин балиқчалар ясаб ўтиради.
3-давр: Банан васвасаси
Полковник Аурелиано 17 аёлдан 17 фарзанд кўрган. Биласизми, уларнинг ҳаммасига қандай исм берилган? Ҳа, Аурелиано. Фақат лақаблари фарқ қилади. Шулардан бири – Аурелиано Ғамгин Макондога темир йўл олиб келади. Савдо-сотиқ ривожланади, телеграф ва кино кириб келади. Бу чет эллик инвесторларни қизиқтиради ва улар банан плантацияларига пул тикади (ҳеч ким инвестиция киритинг деб шеър ёзмайди, Макондо Сити қурмайди, шунчаки шароит яхшилиги учун келади инвесторлар).
Плантация халқ кўзида ривожланиш иллюзиясини пайдо қилади (ҳмм, таниш ҳолат...). Лекин аслида халқ жуда ночор эди ва охири одамлар иш ташлаш эълон қилади. Инвесторлар пулини йиғиштириб кетиб қолади (ростдан қаердадир кўргандайман...).
Шу пайтдан бошлаб шаҳарга тинмай ёмғир ёға бошлайди ва у деярли беш йил давом этади. 100 ёшга кирган Урсула ёмғир тугашини ёлғизликда кутар эди...
4-давр: Сўнгги авлод
Орадан йиллар ўтади, шаҳар сийраклаша бошлайди. Диктатор Аркадионинг эвараси Аурелиано Бабилония жуда ақлли, зеҳни ўткир йигит бўлиб етишади. Уни отаси лўли Маурисио Бабилония бўлгани сабабли буваси Фернанда уни ҳеч кимга кўрсатмай ўстиради. Аурелиано Бабилония умрини лўли Мелкиадес санскрит тилида ёзиб кетган пергаментларни таржима қилишга сарфлайди.
Бу пайтда Аурелиано Бабилониянинг Гастонга турмушга чиққан холаси Амаранта Урсула Бельгиядан қайтади. Амаранта Урсула у жияни эканини билмайди албатта, ва хола-жиян севишиб қолади. Бундан хабар топган Гастон Брюсселга қайтиб кетади. Амаранта Урсула эса ҳомиладор бўлиб қолади.
Туғруқ пайтида Амаранта чўчқа думли чақалоқни дунёга келтириб, вафот этади. Бундан қайғуга тушган Аурелиано уйдан чиқиб, қовоқхона эгаси билан кечаси билан шароб ичади. Ҳеч кимдан юпанч топа олмай, майдон ўртасида ёлғиз ўзи қолади...
Тонгда уйга қайтгач, туғилган ўғли эсига тушиб қолади. Аммо чақалоқни аллақачон чумолилар еб битирган эди... У бирдан қотиб қолади. Таажжуб ёки қўрқувдан эмас; айни шу лаҳзаларда Мелкиадес қўлёзмалари сирига калит топганидан қотиб қолади ва тушунадики, бу қўлёзмаларда Буэндиа сулоласининг тақдири ёзилган бўлиб, бугунги кун роса юз йил олдин башорат қилинган эди. Мелкиадес қўлёзмаларининг эпиграфида шундай сўзлар ёзилган: «Авлоднинг биринчи вакилини дарахтга боғлаб қўйишади, авлоднинг сўнггисини чумолилар еб битиради».
Асарнинг энг қизиқ ва энг охирги, кулминацион нуқтасини ўқимоқчи бўлганларга қолдираман.
Таҳлил
Роман Лотин Америкаси адабий портлаши натижасида юзага келган авлод вакилининг энг олди асари ҳисобланади. Унда ғайриоддий ва кутилмаган воқеалар шундай баён этилганки, на ҳикоячи, на персонажлар бу воқеалардан ажабланади. Бу асар дунёсида мўъжизалар ўзини худди ҳар кунги реалликдай, ҳеч қандай тушунтириш талаб қилмайдигандай тутади. Бу, албатта, адабиётда қоида бузилиши. Лекин ким билсин, балки бу Декарт фалсафасидаги фикрлашнинг картезианча, ортидан дуализмни эргаштирувчи тартибидир...
Асарда келадиган ҳар бир воқеа, тарихий вақтни илғаган ҳолда, хотирада тизилиш ва унутилишни ўз ичига олади. Муаллиф ўз юрти Колумбияга хос воқеликларни ўйлаб топилган Макондо шаҳри мисолида кўрсатади. Балки бутун Лотин Америкасини назарда тутгандир. Макондо – шунчаки сўз эмас, бу гўё ўз шохлари билан ҳар хил сирларни, афсоналарни, орзу ва қайғуларни яширган, вақт таъсирида унутилишга маҳкум бўлган оилавий дарахт тимсолидир. Буэндиа оиласининг ички тарихи бир вақтнинг ўзида Гарсия Маркеснинг болалиги ҳамдир.
Ўз юрти Аракатаке қишлоғига сафар хотираларида муаллиф XIX асрда либераллар ва консерваторлар ўртасидаги келишмовчиликлар, илк поезд келиши, банан васвасасининг кучайиши, капитализм экспансияси ва мутлоқ ҳокимликни келтириб ўтган.
Габриэль Гарсия Маркес ўз асарида халқ орасида жуда катта кучга эга бўлган диний ва афсонавий ҳикоялар орқали маданий оқимлар ўртасида диалог олиб боради. Бу ҳикоялар католитсизмдаги, Лотин Америкаси халқлари тасаввурида абсолют ҳақиқатга айланган сув тошқини, тақиқланган мевани еган ва жазосини кутиб турган Момо Ҳавво образи каби энг ёрқин қарашларни ўз ичига олган. Асарда Маркес жуда кенг тарихий вақт ичидаги кичик оламлар тугашини афсонага йўғрилган дискурс орқали тушунтиради.
Эътибор берсангиз, асар қаҳрамонларининг исмлари авлоддан авлодга ўтиб такрорланаверади, деярли бир хил. Менимча, бунда Маркес аждодларнинг қайғулари, орзулари, хотиралари ва хатолари янги авлод учун тарих аравасида юк мисол мерос бўлиб қолишини рамзий маънода ифодалаган бўлса керак (Ислом Каримов набирасининг исми нима эди?).
Нимагадир ҳар бир персонаж алоҳида архетип эмас, аксинча, тарих ғилдирагининг ҳар хил йўналишларини ифодаловчи инсонлардир.
Хулоса
Асарда жуда кўп кучли шахслар намоён бўлади. Лекин бу кучлар, бу қудрат вақт оқимига қарши нима қила олди? Табиатга қарши нима каромат кўрсата олди? Инсон тақдирига қарши нима қила олди? Ҳеч нарса. Асарнинг мутлақо ҳамма қаҳрамонлари қалбан ёки жисмонан ёлғиз эди. Сулола асосчиси дарахтга боғланиб, умрининг сўнгги кунларини ёлғиз ўтказган бўлса, сулоланинг охирги вакили – чақалоқ ҳам ёлғизликда ўлим топди.
Ўртада яшаб ўтган авлод вакилларини тақдири ва ҳаёт йўлларига боқсангиз, кўзга ташланадиган нарса ёлғизлик эди. «Ёлғизликнинг юз йили» асаридаги ҳар бир тарихда, ҳар бир персонаж қисматида фақат битта туйғу занжирбанд, бекитилган, қарама-қарши кучлар энергияси остида яширилган эди... Бу – севги. У ҳар сафар озод бўлиш учун гўёки туйнукдан боқар, озодликка талпиниб, муваффақиятсиз курашар эди. Инсонлар ички оламининг оғир юки эшикни тўсиб тургани ва севги туйғуси озодликка чиқа олмагани сабаб Буэндиа сулоласини юз йил муддатга ёлғизлик ўз қаърига ютиб юборди.
Романни тўлиқ ўқиб чиқишни тавсия қиламан. «Мўъжизакор реализм» олами нақадар реал эканлигини англаб етасиз.
Китобдан иқтибослар:
Қачонлардур ёш бола бўлгансан; ичингда ҳозиргача яшаётган ўша гўдак овозига қулоқ тутиб туриш керак. Ичимиздаги ўша беғубор болани эшита олсак, кўзларимиз яна порлай бошлайди ва ҳаёт билан алоқамиз узилиб қолмайди;
Ўтмиш – ёлғон, хотира учун ортга йўл йўқ, ўтган баҳор қайтмайди, энг чидамли ва ақлдан оздирар севги ҳам аслида шунчаки ўткинчи туйғу;
Беташвиш қарилик – ёлғизлигинг билан келишувга эришишни билишдир;
Инсон урушда ҳис қиладиган ҳолатни биттагина «қўрқув» сўзи билан тушунтириш мумкин бўлганида, нима учун буни тушунтиришга жуда кўп сўзлар ишлатишимиз керак?
- АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон «Ёлғизликнинг юз йили»ни энг севимли асарларидан бири деб билишини айтган;
- 1982 йилда Маркес адабиёт йўналишида Нобель мукофотини олган биринчи колумбиялик бўлган. Мукофот шундай сўзлар билан берилган эди: «Фантазия ва реаллик уйғунлигида бутун бошли қитъанинг ҳаёти ва муаммоларини акс этдирган ҳикоя ва романлари учун»;
- Габриэль Гарсия Маркес ижодига Эрнест Хемингуэй, Уильям Фолкнер, Жеймс Жойс, Виржиния Вулф ва Франс Кафка каби ёзувчилар таъсир кўрсатган;
- New York Times газетаси «Ёлғизликнинг юз йили»ни бутун инсоният ўқиб чиқиши шарт бўлган асарлар қаторида иккинчи ўринга қўйган.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)