Хабарингиз бор, 2018 йил 29 октябрда ва шу йилнинг 10 март санасида Boeing 737 Max сериясидаги самолётлар билан содир бўлган икки йирик авиаҳалокат туфайли жами 354 киши қурбон бўлган эди. Ўша икки фожиа орасида ўхшашлик борлиги ва бунинг сабаби самолёт конструкциясидаги хатолик бўлиши мумкин экани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганига ҳам анча бўлиб қолди.
Шу кунларда Bloomberg эълон қилган хабарга кўра, мазкур фожиа сабабларидан энг каттаси компания хўжайинларининг зиқналиги бўлиб, улар самолётлар бошқарувини таъминловчи дастурий таъминотни яратишга сарфланган иш ҳақи харажатларидан тежаш эвазига чиқимларни қисқартирмоқчи бўлган. Бу мақсадда компания аввалдан ишлаб келган малакали дастурчи муҳандисларни ишдан бўшатиб юборган; айнан 737 Max учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш масаласи эса ауцорсингга – Ҳиндистондаги HCL Technologies Ltd номли пудратчига юклатилган.
Энг ачинарлиси, мазкур дастурий таъминот самолётнинг қандайдир иккиламчи жиҳатларини эмас, балки энг асосий қисми – рул бошқаруви ва думни бошқаришга мўлжалланган MCAS (Maneuvering Characteristics Augmentation System) тизими ҳамда тангаж тизимси учун жавобгар бўлган. Маълумот учун: тангаж – горизонтал ўққа нисбатан бурчак ҳаракатини бошқариш тизими бўлиб, айниқса, 737 Max конструкцияси ушбу тизимга муҳтождир. Чунки учиш вақтида бу самолётларнинг тумшуғи юқорига кўтарилиб кетади ва тизим бу ҳолатни горизонтга нисбатан мутаносиблаб туриши шарт. Эфиопияда содир бўлган ҳалокат вақтида ҳам гувоҳлар самолёт бир неча марта ҳавода шундай кескин ҳаракат қилгани, яъни тумшуғи кескин кўтарилиб, кейин яна пастлаб, бир неча марта шўнғиганини таъкидлаган эди.
Маълум бўлишича, ҳинд пудратчиси ҳам ўз навбатида, маблағдан янада иқтисод қилиш мақсадида вазифани дастурлаш малакасига эга мутахассисларга эмас, балки яқиндагина коллежни битирган, ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган, шу сабабли арзон-гаровга ҳам ишлайверадиган ёш болалар қўлига топширган. Янада аниқроқ қилиб айтсак, ҳинд пудратчиси ушбу ғоят масъулиятли иш учун коллеж битирувчиларини ёлланма ишчи сифатида жалб қилиб, соатига атиги 9 доллар иш ҳақи эвазига дастурни битириб, Boeing’га топширган.
Натижада Boeing’нинг зиқна хўжайинлари мақсадга эришди. Дастурий таъминот ҳақиқатан ҳам бошқа самолётларникидан тўрт баробар арзонга тушди. Лекин бу арзон ишнинг баҳоси, юқорида айтилганидек, 354 кишининг умрига зомин бўлган иккита авиаҳалокат ва яна бир неча марта содир бўлган катта-кичик носозликлар бўлди. Халқимиздаги «арзоннинг шўрваси татимас» ибораси бежиз айтилмаган ҳарқалай...
Музаффар Қосимов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)