Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) июнь ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди.
GoSport’нинг хабар беришича, ўзбекистонлик беш нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллаган.
Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (12 та ғалаба, 4 та нокаут) янги рейтингда бир ой олдинги поғонасини сақлаб қолди ва 4-поғонадан жой олди.
Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (16 та ғалаба, 9 та нокаут) ҳам рейтингда бир ой олдинги ўрни — 4 ўрнини сақлаб қолди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 9-ўринларни эгаллаб турибди.
Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC кенгайтирилган рейтингда уч нафар ўзбек боксчиси ҳам эътироф этилган.
WBC кенгайтирилган рейтингидан супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шоҳжаҳон Эргашев (16 та ғалаба, 14 та нокаут) 31-ўринда қайд қилинган. Иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6 та ғалаба, 5 та нокаут) мазкур рейтингда 24-ўринда қайд қилинган бўлса, супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шаҳрам Ғиёсов (8 та ғалаба, 6 та нокаут) 35-поғонадан жой олган. Аҳмадалиев айни вақтда WBA йўналиши рейтингида 2-ўринни эгаллаб турган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов ўз вазнида 11-поғонани банд қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)