«Атлетико» ҳужумчи Антуан Гризманнинг «Барселона»га ўтиши борасида баёнот берди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Футболчининг вакили Ла Лига офисида Мадрид клуби билан шартномани бекор қилиш учун 120 миллион евро тўлади — бу шартнома бандида кўрсатилган товон пули ҳисобланади.
Шартномага кўра, 1 июлдан 28 ёшли футболчининг товон пули 200 миллион евродан 120 миллионга тушиши кучга кирган.
«Атлетико» раҳбариятининг таъкидлашича, «Барселона» шу муддатга қадар Гризманн билан трансфер шартномаси борасида келишувга эришган. Шунинг учун, мадридликлар 200 миллион еврога эга бўлиши керак.
Мадрид клуби шу ҳолат юзасидан судга мурожаат қилиши мумкин.
Маълумот учун, Гризманн 15 май куни «Атлетико»ни тарк этиши ҳақида маълум қилганди. «Барселона» эса орадан икки ой ўтиб, унинг трансферини эълон қилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)