Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 9 июль куни соат 10:00 га Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тергов бош бошқармасига сўроққа чақиртирилди. Бу ҳақда Sputnik хабар қилади.
«У ҳали чақирув қоғози билан танишмади. Ҳужжатни собиқ президент уйидаги қўриқлаш постига олиб келишди. У гувоҳ сифатида чақиртирилди, қайси иш бўйичалиги номаълум», — деди собиқ президент маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаева.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти депутатлари Алмазбек Атамбаевдан собиқ президент мақомини олиб ташлашга овоз берди.
Қирғизистон парламенти 13 июнь куни махсус комиссияни ташкил этган. Махсус комиссия олиб борган ишлар натижасида Алмазбек Атамбаев олтита жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган. Жўқорғу Кенеши хулосани тасдиқлаб, бош прокуратурага юборди.
Хулосага кўра, собиқ президентга нисбатан қуйидаги айбловлар илгари сурилди: Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва станцияга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилиши, Тарихий музей реконструкциясида коррупция иши, жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Қўй Тош ва Чон Сари Ой қишлоқларида ер участкаларининг ноқонуний эгалланиши.
Мамлакат бош прокурори Ўткурбек Жамшитов, собиқ президент эҳтимол бешта жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.
Изоҳ (0)