Фарғона вилоятининг Қува туманидаги «Пахтакор» МФЙ «Ўзбек» кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Бунга «Сувоқава» ДУK Қува филиали томонидан ичимлик суви бўйича асоссиз равишда қарздорлик ҳисобланаётганлиги сабаб бўлган. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» маълум қилди.
Ушбу ҳолат юзасидан текширувлар олиб борилганда, ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар тоза ичимлик сувини узоқдан ташиб келишлари маълум бўлган.
Аниқланишича, 131 нафар истеъмолчи корхона компьютер базасига ичимлик суви истеъмолчиси сифатида киритилган ва уларга 2019 йил 1 май ҳолатига 33 676 402 (ўттиз уч миллион олти юз етмиш олти минг тўрт юз икки) сўм қарздорлик ҳисобланган.
Федерация томонидан «Ўзбек» кўчасида яшовчи истеъмолчиларга «Сувоқава» ДУK томонидан ҳисобланган 33 676 402 сўм қарздорликни ҳисобдан чиқаришга эришилди, дейилади хабарда.