Бухорода ҳовузга тушиб кетган болани қутқарган Миллий гвардия ходими тақдирланди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.
«Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуасига зиёратга келиб, ота-онаси қаровисиз қолган андижонлик 8 яшар бола «Биби Орифа» масжиди ҳовлисидаги ҳовузга тушиб кетган эди. Бола чўкишига оз қолганда шу ҳудудда хизмат вазифасини амалга ошираётган Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходими Дадахон Хўжаев уни қутқариб қолган.
Шу воқеа сабаб ўзбекистонликлар Миллий гвардия ва унинг Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходими номига ташаккурномалар ёзиб қолдирмоқда.
Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ашуров ҳам Миллий гвардиянинг вилоят Қўриқлаш бошқармасида бўлиб, 4-сектор ҳудудида рўй бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатган ходим Д.Хўжаев ва унинг ота-онасига миннатдорчилик билдирди. Учрашувда Дадахон Хўжаевга вилоят давлат солиқ бошқармасининг эсдалик совғаси тақдим этилди.
Изоҳ (0)