Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2 июль куни эълон қилинган қарор лойиҳасига биноан «Учта шаҳар» («Халқ дипломатияси шаҳри», «Этношаҳар», «Киношаҳар») мажмуаси учун Тошкент вилояти Файзобод маҳалласидан 116,5 гектар майдон ажратилиши кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар қилади.
Ушбу лойиҳа билан махсус ташкил этилган «Uzbekistan Film Holding» МЧЖ (муассислари «Ўзбеккино» агентлиги, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси ва «Intellect Enterprise» компанияси) шуғулланади. Компанияга ер участкаси 49 йил ва ушбу муддатни узайтириш имконияти билан бепул берилади.
Лойиҳада, шунингдек, компанияга 2029 йил 31 декабрига қадар солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши белгиланган.
Тегишли равишда белгиланган участка ҳудудидаги оилалар, корхоналар, муассаса ва ташкилотларни кўчириш, турар жойлар, нотурар бинолар ва иншоотларни бузиш, шунингдек, зарарни қоплаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига юклатилади.
Президентнинг 2018 йил 24 июлдаги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий қадриятларга эга дунёвий давлат сифатидаги имижини халқаро аренада илгари суришга аниқ йўналтирилган миллий кинематографияни ривожлантириш, шунингдек, туризмни равнақ топтириш, инвестицияларни жалб этишга қаратилгани белгилаб берилган.
Лойиҳа яратилиши ва амалга оширилиши уч босқичга бўлинган.
Биринчи босқич – 2019 йил 1 сентябригача. 18 миллион АҚШ доллари йўналтирилади.
«Халқ дипломатияси шаҳри»: олтита маданият маркази, Президентлар аллеяси, Буюк Ипак йўли кўчаси, сунъий тоғли ва қатор-қатор шаршарали шоирлар боғи, очиқ осмон остидаги музей, «Севишганлар боғи», кафе ва ресторан.
«Этношаҳар»: Амир Темур саройи хиёбони, фавворалари ва боғи билан, олтита этноҳовли, кафе ва ресторан, сувенир расталари, эски кўчалар, минора, шаҳар дарвозаси мажмуаси.
«Киношаҳар»: суратга олиш учун павильон, киномаҳалла, бизнес-марказ, хиёбон ҳудуди ва бошқалар.
Иккинчи босқич: 2020 йилнинг 1 сентябригача. 82 миллион АҚШ доллари йўналтирилади.
«Халқ дипломатияси шаҳри»: тўққизта маданият маркази, очиқ концерт зали, кўргазма мажмуаси, кафе ва ресторанлар, меҳмонхона, тўртта музейли музей майдони, кинематография маркази.
«Этношаҳар»: 13 та этносарой, иккита меҳмонхона, 10 та кафе ва ресторан, 20 та сувенирлар растаси, «Лаби Ҳовуз» эски кўчалари мажмуаси, иккита этномеҳмонхона, Улуғбек расадхонаси, бешта ўтов, иккита минора, учта шаҳар дарвозаси ва бошқалар.
«Киношаҳар»: меҳмонхона, тўртта павилон, бизнес марказнинг иккита блоки, киномаҳалла (20 та вилла, 200 та таунхаус, 75 хонали кўп квартирали тураржой), киноакадемия, супермаркет, хусусий мактаб ва боғча, стадион, хиёбон ва бошқалар.
Учинчи босқич: 2021 йил 1 сентябргача. 42 миллион АҚШ доллари йўналтирилади.
«Халқ дипломатияси шаҳри»: кафе ва ресторан, меҳмонхона, спорт объектлари (футбол майдони, кортлар ва бошқалар).
«Этношаҳар»: иккита меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, карвонсарой.
«Киношаҳар»: коворкинг маркази, киномаҳалла (18 та таунхаус, 77 хонали тураржой), миниипподром, ишлаб чиқариш цехи.
Асосий маблағ манбалари – давлат бюджети, «Этномир» (Россия), WHITECО Harvest Investion (Кипр), Royal Holding Orbit Group LLC (БАА) каби компаниялардан хориж инвестициялари ва бошқалардир.
Изоҳ (0)