Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Тойлоқ туманида бўлиб ўтган сайёр қабулида суд қароридан норози бўлган фуқарога суд фаолиятига аралашишга ҳаққи йўқлигини билдирди.
Барча сайёр қабулларда вилоятдаги ижро ҳокимияти билан бирга ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари — прокурор, ИИБ, адлия бошқармаси бошлиқлари, судлар раислари ҳам иштирок этмоқда. Ижро ҳокимияти идораларига ваколатига кирмайдиган масалаларни тегишлилиги бўйича судлардан ёки прокуратура органларидан ўрганиб чиқиш сўралмоқда.
Буни айрим фуқаролар ўз билганича талқин қилиб, барча масалани фақат Эркинжон Турдимовга билдиришга интилмоқда. Вилоят ҳокимининг вақтини ўғирлаётган, ваколатига кирмайдиган масалада ёрдам сўраётган мурожаатчиларга аниқ жавоб қайтариляпти. Хусусан, суднинг қароридан норози бўлиб келган фуқарога айтилган гап кўпгина шикоятчилар учун сабоқ бўлди:
— Ўзбекистонда судьялар мустақил, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Шунга кўра, вилоят ҳокими бўлишимга қарамасдан қонундан ташқари иш юритолмайман. Суд қароридан норози бўлсангиз, юқори турувчи суд идораларига мурожаат қилинг.
Қарийб барча бошқарма ва идораларда «навбатчи» мурожаатчилардан бирига энди унинг аризалари кўриб чиқилмаслиги билдирилди. Отасини боқишга қурби етмаётган мурожаатчи бу хато фикр эканлигини қулоғига қуйиб олди.
—Бизда вояга етган фарзандлар кекса ота-оналарига ғамхўрлик қилишга мажбур. Бу норма Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Изоҳ (0)