2019 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг қайта кўриб чиқилди ва қабул қилинди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур қонуннинг мақсади атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш учун янги ташкил этилаётган давлат ташкилотлари ва тизимларнинг фаолияти учун қонуний асослар яратиш, шунингдек, миллий қонунчиликка атом энергиясидан фойдаланиш бўйича самарали хавфсизлик механизмларини жорий этишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширишда қуйидаги асосий принциплар кўзда тутилган:
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги;
- хавфсизликнинг таъминланиши;
- ахборотнинг очиқлиги;
- ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 5 март куни ушбу Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган.
Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида мазкур Қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш жараёнида айрим меъёрларни кучайтириш, давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатларини янада аниқлаштириш юзасидан тавсиялар берилган эди. Лойиҳада тўғридан тўғри таъсир меъёрларини белгилаш мақсадида, махсус Ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилиб, депутатлар томонидан берилган тавсиялар асосида қонун лойиҳаси қайта ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)