Самарқандда ғилдираги қудуққа кириб кетиб ағдарилган Дамас ҳақида «Zarnews.uz» киноявий эртак эълон қилди. Эртак қуйида тўлиғича келтирилади.
Бир бор экан, бир йўқ экан. Яқин ўтган замонда Сариқтепа деган шаҳарча бўлган экан. Ўша шаҳарчани янада гўзал қилиш ниятида шаҳар ҳокими тадбир ўтказибди. Тадбирда «Кимда-ким шаҳримизни янада чирой очиши учун яхши таклиф айтса, ўша таклиф эгасини тақдирлаймиз. Ўз таклифини амалга ошира олишга кўзи йэтса хазинамиздан етарлича пул ҳам ажратиб берамиз», дебди. Жуда кўп таклифлар айтилибди. Шулардан энг ёққани «кўп қаватли уйлар қуриш ва уларга тоғдан сув олиб келиш» таклифи бўлибди. Ҳоким уни қўллаб-қувватлабди. Тадбиркор номини олган таклифчи ўзи айтганидек қилиб уйлар қурибди, шаҳарга яқин бўлган тоғнинг энг юқоридаги булоғидан қувур билан сув келтирибди...
Кунлардан бир кун тадбиркорни қози чақиртирибди. Даъвогарнинг айтиши бўйича араваси сув қувурлари туташган қисмдаги чуқурга тушиб кетиб синганмиш.
- Ҳурматли, қози бобо, — дебди тадбиркор. Мен бу сувларни тортиб келишимда «Тоза мироб» мутахассислари билан маслаҳатлашганман. Чуқурни ҳам, қопқоқни ҳам уларнинг тавсиясига биноан қуриб ўрнатганман.
Қози бобо «Тоза мироб» раҳбарига чопар юбориб, чақиртириб келтирибди. «Тоза мироб» раҳбари эса вазиятни тушуниб тадбиркорни танимаслигини, тоғдан келтирилган сув учун ўлпон олгани билан қопқоққа жавобгар эмаслигини, қолаверса қопқоқ ўрнатилган жой кўча ўртасида бўлгани учун «Йўлсоз» раҳбарияти масъул эканини айтибди.
Қози бобо энди «Йўлсоз» раҳбариятига чопар юборишга мажбур бўлибди.
Кўп ўтмай «Йўлсоз» раҳбариятидан ходим келибди. Қози бобо унга юзланибди. Ходим эса:
- Ҳурматли қози бобо, биз йўлларимиз нотекис бўлса, тош-тупроқ тўкиб текислашга масъулмиз. Лекин бу қопқоқлик жойга биз жавобгар эмасмиз. Агар муаммо шу чуқур ва қопқоқда бўлса, биз у ерни тўлдириб, текислаб қўйишимиз мумкин.
- Менимча шундай қилганимиз мақул, - дебди тадбиркор.
- Менинг аравам чуқурга тушиб, ғилдираги синди. Буни ким қоплаб беради? - деб сўраб қолибди жабрланувчи.
Қийин бўлганда қози бобога қийин бўлибди. Ҳеч бири айбни бўйнига олишни истамаяпти. Тартиб-қоидалар ҳам уларнинг фойдасига хизмат қилиб турганмиш.
Шу пайт қаердандир Насриддин Афанди келиб қолибди. Ҳамма билан қуюқ сўрашиб чиқибди. Қози бобо Афандига бўлаётган воқеаларни айтиб берибди.
- Бу ерда ҳамма айб араванинг эгасида-ку, - дебди Афанди. – Қопқоққа кўзи тушаркан-у, айланиб ўтмаскан. Одам озроқ ҳушёр ва огоҳ бўлиши керак, биродар.
- Хўш, - деди қози бобо. – Даъвогар биродаримизга буни тушунтирармиз, лекин анави ёқда қолган чуқур ва унинг қопқоғи масаласи нима бўлади? Сизларнинг ҳеч бирларингиз бу борада масъул эмассизлар назаримда.
- Бунинг йўли бор, - дебди Афанди. Бошқалар унинг фикрини уққандек қарсак чалиб юборишибди. Чунки бундан яхшироқ йўл йўқдек экан улар учун.
Шу куннинг ўзида қопқоқ олиниб, учига қизил латта боғланган ёғоч чуқурга қўндирилибди.
26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Туркистон кўчалари кесишмасида Дамас машинасининг ғилдираги қудуққа кириб кетиб ағдарилгани ҳақида хабар берган эдик.
Изоҳ (0)