Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) режали тартибда жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторлари мониторинги доирасида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар умумий колониясига ташриф буюрди. Бу ҳақда Омбудсман расмий сайтида хабар берилди.

Фото: «Xabar.uz»

Омбудсман 700 дан ортиқ маҳбус аёллар билан учрашув ўтказди. Уларга мамлакатда маҳкумлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган чоралар, ушбу жараёнлардаги Омбудсман институти роли ҳақида маълумот берилди.

Ташриф чоғида Омбудсман ушбу муассасада бўлган Гулнора Каримова билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида у муассасанинг тиббий ходимларига эътибор ва ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ўрганиш чоғида Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун муассаса томонидан кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб этилганлиги қайд этилди. Алоҳида махсус текширувлар эса ИИВ Марказий госпиталида олиб борилган.

Шифокорлар буюрганидек, у тизимли асосда зарур тиббий препаратларни қабул қилмоқда. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг аҳволи қониқарли, у соғлом овқатланиш рационини қабул қилмоқда, дейилади хабарда.