Жиззах вилояти Фориш тумани марказида «Янги қишлоқ» жоме масжиди биноси қурилиши бошланди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, масжид жамоати, нуронийлар иштирокида янги масжид биносининг дастлабки ғиштини қўйишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Йиғилганлар эзгу ниятлар билан биринчи ғиштни қўйди. Маросимда масжид тез орада қад кўтариб, ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий билимлари, ахлоқи, ибодатлари учун мунаввар маскан бўлиб хизмат қилишига тилак билдирилди.
Масжид туман марказига яқин, Жиззах—Нурота—Навоий катта автойўли ёқасида ибодатга келувчи маҳаллий намозхонлар ҳамда ҳудудга зиёратга келган сайёҳлар қулай жойда барпо этилмоқда. 800 кишига мўлжалланган янги масжид катта хонақоҳ, таҳоратхона, аёллар учун алоҳида намозхона, қўшимча иншоотлари, ҳовлиси билан жами олти сотих майдонда барпо этилади.
Келажакда масжид ҳовлисида ёрдамчи хўжалик ташкил этилиб, иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)