Нукус шаҳрида Навоий давлат кончилик институтининг филиали иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрь кунги «Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ иш бошлаётган мазкур олийгоҳ Қорақалпоғистон Республикасининг саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида юқори малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида ташкил қилинган, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
2019—2020 ўқув йили учун филиалга «Кончилик иши (фаолият турлари бўйича)», «Кимёвий технология (ишлаб чиқариш турлари бўйича)» таълим йўналишларига жами 50 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган бўлса, 2020—2021 ўқув йилида «Машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш», «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)», 2021—2022 ўқув йилидан «Кончилик электр механикаси» ҳамда «Электр энергетикаси (тармоқлар ва йўналишлар бўйича)» таълим йўналишлари бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш белгиланган.
Ҳозирда абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш ишлари бошланмоқда. Филиал Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчаси 24-уй манзилидаги (Нукус спорт коллежи) бинога жойлаштирилган.
Изоҳ (0)