Бугунги кунда Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан бир вақтнинг ўзида республиканинг турли вилоятларида 22 та инвестициявий лойиҳалар асосида ГЭСлар қурилиши ва мавжудларини модернернизация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Аввал хабар берганимиздек, жамият томонидан «Туябўғиз» кичик ГЭСи фойдаланишга топширилган бўлса, эндиликда Наманган вилояти Учқўрғон тумани Катта Фарғона каналида барпо этилган кичик ГЭСлар каскади ишлаш учун шай ҳолатга келтирилган.
Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари учун бўлиб ўтган пресс-тур давомида маълумот берилди. Унга кўра, 2017–2019 йилларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналида умумий қуввати 12 МВтга эга бўлган кичик ГЭСлар каскадини қуриш вазифаси белгиланган. Катта Фарғона канали мамлакатдаги йирик сув магистраллардан бири ҳисобланади. Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга тушурилиши натижасида Наманган вилояти йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 72,89 миллион кВт.с га оширишга эришилади. Бу эса 48 минг хонадонни ёки вилоятнинг Учқўрғон туманини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан тўлиқ таъминлашга имкон беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион доллар бўлиб, унинг 22,3 миллион долларга тенг қисми «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, қолган қисми эса Хитойнинг «Эксимбанки» ҳисобидан қопланади. Харажатлар 8,5 йил давомида тўла қопланиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳанинг умумий техник иқтисодий асослари «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилган, қурилиш ишларининг бош пудратчиси сифатида «TO‘PALANG HPD BUILDING» УК белгиланган.
ГЭСда жами 4 та гидроагрегат ўрнатилган бўлиб, ҳар бирининг қуввати 3 МВт ташкил этади. ГЭСнинг умумий қуввати эса 12 МВтдан иборат бўлиб, каскадда Катта Фарғона каналининг ПК 142 дан то ПК 184 ҳудудигача бўлган қурилиш ишлари режа асосида олиб борилиб, мазкур ҳудудларда тегишли топографик-геодезия тадқиқотлари олиб борилди ва зарур хулосалар асосида ишлар амалга оширилди.
Қурилиш ишлари 2017 йил июнь ойида бошлаб юборилди. Ушбу жараёнга 60 дан ортиқ махсус техника ва йирик машиналар жалб қилинди.
Лойиҳанинг монтаж ва созлаш ишларида ҳамкор ташкилотлардан «Андижон ГЭС», «Maxсусгидроэнергомонтаж», «Андижонгидроэнергомонтаж», «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» корхоналари фаол иштирок этмоқда.
Ҳозирги кунда кичик ГЭСлар каскадига сув борувчи каналнинг икки қирғоғига 3 минг тупдан зиёд мевали, 1000 тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, мазкур ҳудуд тобора ободонлаштирилмоқда.
Ҳозирда ГЭСда охирги монтаж созлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ГЭСнинг расмий очилиш маросими яқин кунлар ичида амалга оширилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)