Прокуратура органларининг 2019 йилнинг ўтган беш ойи давомидаги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот конференсиясида прокуратура органларига қарийб 220 минг мурожаат тушгани қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган анжуманда Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошев, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари С.Раҳмонова ва бошқалар тизимда амалга оширилаётган ишлар бўйча журналистларга маълумот берди.
Прокуратура органларига тушган мурожаатларнинг 62,8 фоизи бевосита прокуратура органларида ҳал этилган.
Ўзбекистон Президенти виртуал ва Халқ қабулхоналаридан (pm.gov.uz) прокуратура органларига юборилган 31 минг 203 та мурожаатдан 26 мингга яқини бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди.
Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказига жами 65 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш давомида қонун талабларига номувофиқ бўлган ҳужжатларга нисбатан 33 протест, 18 тақдимнома киритилган.
Натижада 76 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 20 жиноят иши қўзғатилган.
Прокуратура органлари ходимлари томонидан республика бўйича 134 мингга яқин фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган.
Ўзбекистоннинг икки томонлама ва кўп томонлама халқаро шартномалари асосида жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатларини ўтказиб беришда ҳуқуқий ёрдам сўралган хорижий давлатлар ваколатли органларининг жами 175 илтимосномаси ўрганиб чиқилиб, ижрога қаратилиши таъминланган.
Ўзбекистон ҳудудида жиноятлар содир этиб, чет элларга қочиб яширинган жами 212 нафар шахсни ушлаб бериш (экстрадиция) тўғрисидаги ҳужжатлар ўрганилиб, уларнинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ хорижий давлатлар ваколатли органларига юборилган.
Сўровномалардан қаноатлантирилганлари юзасидан жами 130 нафар шахс Ўзбекистонга этап қилиб олиб келиниб, жавобгарлик муқаррарлиги таъминланган.
Изоҳ (0)