Ҳаваскор боксда Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндори супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифаси вакили Бектемир Мелиқўзиев 14 июнь, жума куни тонгда АҚШда профессионал боксдаги ўзининг дебют жангини ўтказади.
6 раундга мўлжалланган жангда Мелиқўзиевга аргентиналик Мартин Фидель Риос рақиблик қилади.
Маълумот учун, 27 ёшли Риос шу кунгача профессионал боксда 46 та жанг ўтказган ва уларнинг 23 тасида ғалаба қозонган бўлса (13 та нокаут), 19 та жангда мағлубиятга учраган (4 та нокаут). Яна 4 та жангда эса дурангга эришган.
Қайд этиш жоиз, у ўз вақтида ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Азизбек Абдуғофуровга қарши жангда мағлуб бўлганди.
«Ушбу жангга 2 ой давомида тайёргарлик кўрдим. Рақибим анча тажрибали. Шу кунгача профессионал боксда 46 та жанг ўтказган. Дебют жангим учун тайёргарлик доирасида мураббийлар билан бирга ишладик. Спаррингларда турли рақибларга қарши ҳаракат қилдим. Тактик томонлар бўйича ҳам иш олиб бордим. Насиб қилса, профессионал боксдаги дебют жангим муваффақиятли бўлади. Жанг, албатта, осон бўлмайди, аммо шунга яраша тайёргарлик кўрганман. Худо хоҳласа, ушбу жангда ғалаба қозонаман», — деди Бектемир Мелиқўзиев Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматига берган интервьюсида.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)