Буюк Британия нафақат сиёсат ҳамда иқтисодиёт балки таълим соҳасида ҳам ўз брендига эга бўлган мамлакатлардан бири. У ерда ўқишнинг ўзига яраша-қонун қоидалари бор. Масалан, ўқишга кириш учун талаба қандай сифатларга эга бўлиши керак? Британларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари қандай? Бу ҳақида Манчестер университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Нурхон Эгамова «Дарё»га ҳикоя қилиб берди.

Нурхон Эгамова Бухоро вилоятида туғилган. У 27 ёшда. 2017 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. 2013 йилда «Университет маликаси» танловида ғолиб бўлган. Рус, инглиз, немис тилларини билади. Ҳозирда Буюк Британиядаги Манчестер университетининг магистратура босқичида таҳсил оляпти. Ҳамда British Council қошидаги таълим ташкилотида фаолият олиб бормоқда.

Фото: «Дарё»

Буюк Британия мен орзу қилган давлат 

Болалигимдаги энг катта орзуларимдан бири Буюк Британияга бориш бўлган. Сабаби, дунёга машҳур қиролича Елизаветта ҳамда унинг баланд қалпоқдаги фахрий қоровули, детектив Шерлок Ҳолмс мени ўзига ром этган. Бошида Манчестерга сайёҳ сифатида борган бўлсам, кейинчалик бу ерда магистратурада таълим олишга қарор қилдим. Чунки Буюк Британиянинг университетлари дунёдаги энг зўр олийгоҳлар қаторига киради. Оксфорд ва Кембриджни ҳисобга олмаганда, мамлакатдаги бешта университет «QS World University» рейтингида энг яхши 20 таликка кирган.

Фото: «Дарё»

Бакалаврни Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро муносабатлар йўналишида тамомлаганман. Ўқишни битириб, Манчестер университетининг Public Relations (жамоатчилик билан алоқалар) йўналишига ариза топширдим. Сабаби бугунги кунда Public Relations бизнесдан то сиёсатгача энг керакли йўналишга айланган.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг тўғри ва эффектив қўлланилиши мамлакатларнинг жаҳон миқёсидаги имиджига катта таъсир кўрсатади. Ўзбекистон имиджини мисолида хорижликлар тасаввурида юртимиз қандай гавдаланади? Улар халқимиз ҳақида қандай фикрга эга?  Қандай имидж стратегияси олиб борилса, Ўзбекистонда инвестиция ва туризм оқими янада кўпаяди? Бу масалаларни ўрганиб чиқиб, магистрлик илмий ишимни шу йўналишда қилишни хоҳладим. Курсга ариза топшираётганимда ҳам истакларимни мотивацион хатимда баён этдим.

Университетда иқтидорли талабалар учун ажратилган грантда қатнашдим. Омадим келиб, танловнинг бир неча босқичларидан муваффақиятли ўтиб, грант соҳибасига айландим. Шундай қилиб, шартнома пулининг ярми университет томонидан тўланди. Ростини айтсам, ҳалигача, шу грантни ютганимга ишонгим келмайди.

Фото: «Дарё»

Британияликлар ўз ҳаққини бировга бермайдиган халқ

Мен учун мамлакат ўзига хос анъаналар маскани, ҳеч бир Европа давлатларига ўхшамайдиган ўлка эди. Лекин биринчи келган кунларимда ўзимни бироз ноқулай ҳис қилганман. Ёмғир жуда кўп ёғгани учун серқуёш юртимиз ҳавосини соғинганман. Аммо аста-секин бу ҳолатга кўникиб кетдим.

Буюк Британияда турмуш тарзи тез ритмда ўтади. Умуман олганда, Манчестерда одамлар жуда банд ва вақтни ўта самарали ўтказишни яхши кўради. Тарихдан маълумки, 19-асрда бу шаҳар саноат инқилобининг ватанига айланган. Манчестерда биринчи бўлиб, темир йўли қурилган. Замонавий компьютер ихтиро қилинган. Ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тенглаштиришга кураш ҳам айнан Манчестердан бошланган. Хуллас, британияликлар ўз ҳуқуқини биладиган халқ. Бу ернинг аҳолиси ўзини меҳнаткаш асаларига ўхшатади. Хатто шаҳарнинг рамзида ҳам олтин асалари ўз аксини топган.

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари, аксарият манкунианликлар (Манчестер аҳолисининг номи) жуда тарбияли ва дўстона халқ. Хатто бегона одамларнинг кўчада кетаётиб бир-бирларига табассум билан хайрли кун тилашларини тез-тез кўриб тураман. Лекин баъзида хушмуомалалик ҳақиқий муносабатни билдиришга тўсқинлик қилади. Масалан, сиз ишга янги кўйлак кийиб келсангиз, агар у сизга ярашмаса ҳам улар ҳеч қачон сизга буни айтмайди. Аксинча, «Кўйлагинг чиройли экан. Фақат ранги бироз сени очмаяпти. Ёрқинроқ ранг сенга бундан ҳам зўр ярашар эди» – деб кўнглингизни оғритмай гапиришади.

Ҳар бир инсон – ўз ватанининг акси

Британ халқининг урф-одатлари диний ва тарихий воқеаларни ўз ичига олади. Christmas диний эътиқод байрами ҳисобланади. Ҳамда қишнинг охирги кунларидан бирида барча уни оила аъзолари билан нишонлайди. Байрамга яқин Британиянинг барча шаҳарлари эртакдаги сеҳрли оламга айланади. Шаҳарлар ёритгичлар билан безатилади. Кўчаларда ўзимизнинг ўзбек бозорларига ўхшаган ярмаркалар ташкил этилади.

Фото: «Дарё»

Халқимизнинг британияликлар билан бир ўхшаш жиҳати — улар ҳам чой ичишни яхши кўради, айниқса қора чойга сут қўшиб ичишни. Лекин мен бундай «сутли чойга» ҳалигача кўника олмадим. Буни ҳисобга олмаганда, бу ердаги аксарият урф-одатлар менга ёқади.

Мамлакатда англияликлар, уэльсликлар, шотландияликлар ва ирландияликлардан ташқари бошқа миллат вакиллари ҳам бор. Мен бу ерга келганимдан сўнг, Европадан бошлаб Африка қитъасигача, Америкадан то Узоқ Шарққача бўлган давлатлардан янги дўстлар орттирдим. Ҳар бирининг ўзгача, қизиқарли ва ноёб маданияти бор. Умуман олганда – бирор бир халқнинг урф-одатлари билан танишиш кимлигимизни тушунишга, ўзимизни англашга ёрдам беради. Бу ерда турли хил давлатдаги одамлар билан танишганимдан жуда хурсандман. Чунки ҳар бир инсон — бу ўз ватанининг акси. Бу танишув менга жуда кўп нарсани ўргатди. Дўстларим ўз ватани ҳақида гапириб берганда, гўё ўзимни ўша мамлакатларга бориб келгандай ҳис қиламан. Дунёда қанча кўп мамлакатлар, турфа хил элатлар ва тиллар бўлса ҳам бир таниқли файласуф айтгандек: ҳаммамиз бир тилда куламиз.

Фото: «Дарё»

Бу ерда одамларга яхши ойлик тўлашади

Ҳозирда British Council қошидаги таълим ташкилотида ишлаяпман. Вазифам – бўлажак талабаларга университетларда ўқишга кириш учун консультация бериш. Яъни бакалавр, магистратура, аспирантура ёки докторантура даражасига эга бўлмоқчи бўлганларга мавжуд грант ва scholarship’ларда қатнашиш ҳамда уларнинг инглиз тили билимини чуқурлаштиришга ёрдам бериш.

Ўзбекистоннинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» фонди билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишни кўзлаяпмиз. Мақсадимиз иқтидорли талабаларни Европа университетларига тажриба ошириш.

Кўпчилик қизиқадиган мавзу – ойликлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Қўшма Қиролликнинг иқтисодиёти анча яхши  ривожланган. Албатта, бу кўрсаткич ойликларнинг юқори бўлишига ҳам таъсир қилади. Ўртача ойликлар йилига 30 минг фунтга (38 минг доллар) етади. Университетни тамомлаган талабаларнинг ойлиги эса 16 минг фунтдан (20 минг доллар) бошланади.

Фото: «Дарё»

Буюк Британияда талабалар учун қандай имкониятлар бор? 

Буюк Британия ва Шимолий Ирландиядаги университетлар сони 200 тадан ошади. Ҳар йили университетлар орасида рейтинг тузилади. Унга кўра илмий изланиш мавзусининг долзарблиги, меҳнат бозори эҳтиёжини қоплайдиган мутахассисларни тайёрланиши ва бошқа бир қанча факторларни ҳисобга олиб, энг кучли университетлар аниқланади. Шунингдек, бу рейтинг олийгоҳларнинг нуфузини оширади ва илм-фаннинг янада ривожланишига туртки бўлади.

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари Буюк Британия университетларининг кутубхоналари 24/7 режимида ишлашади. Чунки кўпчилик талабалар имтиҳон пайтида кеча-ю кундуз тайёрланишади. Кимдир топшириқларни кундуз куни бажаради. Кимгадир эса тинч пайт – кечаси қулай. Хуллас бу ҳам талабаларни ўз устида ишлаб, дарс тайёрлаши учун яхши имконият дейиш мумкин.

Фото: «Дарё»

Хорижда ўқимоқчи бўлганларга тавсиялар

Биринчи тавсиям — аввало, сиз чет элда ҳаётингиз ўзгаришига ва мусофирчиликда дуч келадиган қийинчиликларга тайёр бўлишингиз керак. Буларнинг ичида тил муаммоси, менталитет, кийиниш маданияти, ўзгача этикет нормалари ва бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин.

Иккинчи тавсиям — бу сиз борадиган давлатнинг тилини жуда яхши даражада билишингиз ёки ўрганишингиз зарур. Масалан, инглиз тили бўладиган бўлса, шу тилдаги  кинолар кўриш, мусиқа эшитиш, китоблар ўқишни ҳозирдан бошлаш керак. Сиз қанча маҳаллий тилда яхши гаплашсангиз, одамларнинг сизга нисбатан бўлган хурмати шунча ошади.

Фото: «Дарё»

Кейинги тавсиям — бу аниқ режа қўйишингиз. Бирон бир мамлакатда ўқишни хоҳласангиз, кейин қайси жойда ишлашни, нима иш қилишни олдиндан режалаштиришингиз зарур. Бунда ўзингизни 5—10 йилдан сўнг, қаерда ва ким бўлиб кўришингизни била олишингиз муҳим рол ўйнайди. Менинг маслаҳатим бир мақсадни қўйиб, унга етиш учун ҳар куни камида 20 дақиқа вақт ажратинг. Кичик нарсадан бошланг — сиз орзу қилган иш жойи масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўладими ёки Google компанияси фарқи йўқ. Интернетда ўша жойдаги амалиёт ўташ дастурларини топиб, ҳужжатларингизни топшириб кўринг.

Энг муҳими, чет элда яшаётган ватандошларингиз билан алоқа ўрнатинг. Ҳамда сиз ўқимоқчи ёки ишламоқчи бўлган соҳа эгалари билан гаплашинг, улардан маслаҳат олинг.  Бунинг учун профессионал «LinkedIn» ижтимоий тармоғини фойдаланганингиз маъқул.

Фото: «Дарё»

Келгусидаги режаларим ҳақида

Келажакда орзуларим жуда кўп. Энг асосийлардан бири — бу Ўзбекистон имиджи мавзусидаги илмий ишимни давом эттириш. Сабаби, бу ердаги ўртоқларим, ҳамкасбларим бизнинг маданиятимиз, урф-одатларимиз ҳақида кўп сўрашади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британия аълоқаларини таълим доирасида ривожлантиришга ҳисса қўшиш  – энг катта мақсадларимдан бири. Ундан кейин эса хориждаги тажрибамни ошириб бориб, ўз соҳамда профессионал мутахассис бўлиш.