«Мактаблар, шифохоналар, поликлиника, коллеж, болалар боғчалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ўз иш услубларини ўзгартиришлари керак», — дейди ўзбекистонлик мутахассис, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров. У «Дарё»га тақдим этган мақоласида ўзига хос тавсиялари билан бўлишди.
Унинг айтишича, давлат бюджетининг самара бермайдиган харажатларини оптимизация қилиш керак. Сифат давлат хизматчисининг янги турмуш тарзига, шахсий такомиллашув эса унинг асосий тамойилига айланиши лозим. Янги формация давлат хизматчилари давлат ва жамият орасидаги масофани қисқартириши лозим. Бу талаб нафақат давлат хизматчилари, балки таркибий қисм ташкилотлари раҳбарларига ҳам албатта тааллуқлидир. Мактаб, шифохона, поликлиника, болалар боғчалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ўз иш услубини тубдан ўзгартириши лозим.
Бугунги кунда аксарият раҳбарлар кабинетлари катта, ақл-идрокка зид ишлатиладиган майдонларни эгаллаб ётибди. Аксарият раҳбарлар 40 ва 50 квадрат метр майдонни эгаллаган кабинетларда ўтиради. Ваҳоланки ўқув синфларининг етишмаслиги ва уч сменали ўқиш режими муаммоси мавжуд.
Шунингдек, умумий олганда тахминан 90 квадрат метрни эгаллайдиган қабулхоналар, дам олиш хоналари, меҳмонларни қабул қилиш хоналари мавжуд. Кабинетларни маъмурият ходимлари (бухгалтерия, кадрлар бўлими) эгаллаган катта майдон билан бирлаштириш ҳолатлари ҳам мавжуд. Албатта, бу қурилиш соҳасида мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққани шубҳасиз.
Стандарт қоидаларда маъмурият ходимлари учун ажратиладиган майдон миқдори белгилаб қўйилган. Бироқ сарф-харажатларни оптимизация қилиш лозим ва шу сабабдан меъёрий ҳужжатларнинг маъмурият ходимлари учун майдонларни оптимизация қилиш бўйича ўзгартиришлар киритиш борасида таклиф киритмоқчиман. Амалиётнинг кўрсатишича, эгаллаган майдонларни оптимизация қилиш йўли билан хоналар, иншоотларни ижарага олиш ва унга хизмат кўрсатиш нархини тушириш давлат бюджети пулларини тежашнинг самарали усули ҳисобланади.
Мактаб директорлари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаши ва ўз кабинетларини қўшимча таълим учун синф тарзида қўллаш учун топшириши лозим. Директорларнинг майдони қисқартирилган янги кабинетлари эса биринчи қаватда жойлашган бўлиши керак. Директорлар кабинетларининг биринчи қаватда жойлашиши уларнинг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан учрашиши имкониятини оширишда ёрдам беради.
Директорларнинг топширилган собиқ кабинетлари эса робот техникаси ва бадиий меҳнат синфлари учун берилиши мумкин. Раҳбарлар мактабларнинг биринчи қаватида, кириш гуруҳи яқинида жойлашса, бу уларни фуқароларга яқинлаштиради ва мактабнинг энг гавжум соатларида назоратни амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, бу «ўзингдан бошла» тамойилига риоя қилган ҳолда кўплаб давлат муассасалари маъмурий харажатларини оптимизация қилишга ёрдам беради. Раҳбар кабинети учдан бир қисмга қисқартирилиши мумкин. Ходимлар иш ўринлари шиша тўсиқ деворлар билан ажратиб қўйилиши мумкин.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)