Зомин тоғлари бағридаги Қўриқ қишлоғида Сирдарё вилояти мактаб ўқувчилари учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли замонавий болалар оромгоҳи бунёд этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар қилади.
Президент ташаббуси билан ташкил этилган мазкур маскан жорий йилги мавсум давомида 800 нафар ўғил-қизни қабул қилиши кутилмоқда.
Унда ҳар 8 нафар бола учун ётоқ ҳамда унга ёндош ҳолда ювиниш хоналари мавжуд. Шунингдек, ҳар бир хонага телевизор ўрнатилган бўлиб, уларда марказлашган бошқарув асосида болаларга мўлжалланган видео кўрсатувлар намойиш қилиб борилади.
Шунингдек, бу ерга келувчилар оромгоҳ томонидан кийим-бош ва бошқа воситалар ҳамда тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Эътиборлиси шундаки, узунлиги 50 метрлик чўмилиш бассейнига ўрнатилган замонавий қурилма сув ҳароратининг доимо 26 даража илиқ бўлишини тўлиқ кафолатлайди.
Маълумот учун, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Зомин туманидаги «Гулистон» ва Сирдарё туманидаги «Сирдарё» болалар оромгоҳлари ҳам мавсумга тахт қилиб қўйилди. Ёз мавсумида учта оромгоҳда жами икки минг нафар ўқувчи дам олиши мўлжалланган.
Изоҳ (0)