Жорий йилнинг июнь ойи бошларида «Ашан Ритейл Россия» мамлакатнинг озиқ-овқат саноати салоҳиятини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар қилди.
Ташриф 2 июндан 6 июнга қадар давом этади. Учрашув ташкилотчилари Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясидир.
Россия делегацияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти, МЧЖ Аgrо Organic Product, Gold Dried Fruits Export ва Аdis Textile билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаш имконияти кўриб чиқилади.
Делегация Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган интенсив боғлар, бозорлар ва савдо марказларига ташриф буюради. Бундан ташқари, россиялик ишбилармонлар мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш инфратузилмаларининг ривожланиш даражасини баҳолашни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1 майдан бошлаб «Ашан»нинг Россия савдо тармоғига синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни бошлади.
Бу ҳақда апрель ойи охирида «Ашан» раҳбарлари ва қатор маҳаллий корхона делегациялари ўртасида келишувга эришилган эди.
Изоҳ (0)