Жорий йилнинг 27 май куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Умумроссия давлат телевидение ва радиоэшиттиришлар компанияси ўртасида телеешиттиришлар ва радиоэшиттиришлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, шартнома Ўзбекистон Миллий телереадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев ва Умумроссия давлат телевидение ва радиоэшиттиришлар компанияси директори Олег Добродеев томонидан имзоланди.
Мазкур ҳужжат билан сиёсий, иқтисодий ривожланиш, икки мамлакат ҳаётининг турли жабҳалари ва маданиятига оид долзарб масалаларни кенг ёритиш орқали томонларнинг телеешиттиришлар ва радиоэшиттиришлар соҳасидаги ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослар яратилади.
Телерадиокомпанияларнинг ҳар икки мамлакат ҳудудида ўтказиладиган халқаро фестиваллар, форумлар, конгресслар ва турли тадбирларда иштирок этиши кўзда тутилган.
Шартнома имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Изоҳ (0)