Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Адлия вазирлигининг автомобилларда кундуз куни чироқларни мажбурий ёқиб юришга эътироз билдирган депутатлар бўйича муносабатига ўз фикрини билдирди.
«Аслида Адлия вазирлиги масалани бошқа тарафга буриб юборишга ҳаракат қилган – гап 2016 йилда йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида эмас, балки серқуёш Ўзбекистонда кундуз куни автомобиль чироқларини мажбурий ёқиб юришни бекор қилиш ҳақида», — дея ёзади депутат ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
Шунингдек, депутат ўша қонун лойиҳасида гап фақатгина йўловчи ва юк ташувчи, мототранспорт воситаларининг кундуз куни чироқларини ёқиб юрмаганлиги учун жарима ҳақида кетгани, ҳозир эса ўша қонун баҳона ҳамма ҳайдовчилар шундай қоидабузарлик учун жаримага тортилаётганини таъкидлаган.
Депутатнинг айтишича, Адлия вазирлиги бу ўринда фуқароларнинг эътирозларини эшитиш ўрнига нимаики ёмонлик, одамларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳужжатлар бўлса депутатларни айбдор қилиш билан шуғулланмоқда. Шу билан бирга у Адлия вазирлиги томонидан йўл қўйилган бир қанча хатоларни санаб ўтган.
У Адлия вазирлигининг бу муносабатини минглаб ўзбекистонликлар томонидан эътироз билдирилган масалага виждонан ёндошиб, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган асоссиз ўзгартиришни оддий айтганда «халқнинг буюртмаси»га кўра бекор қилиш ҳақида фикр билдираётган депутатларга нисбатан жамоатчиликда салбий фикр пайдо қилишга бўлган уриниш, деган хулосага келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги кундузи автомобиль чироқларини ёқиб юриш бўйича қоида аслида депутатларнинг ташаббуси бўлиб чиққанини даъво қилиб, бунга ўз муносабатини билдирганини хабар берган эдик.
Изоҳ (0)