Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков Италиянинг «Интер» жамоасида малака ошириб қайтди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, терма жамоа дарвозабонлари устози малака ошириш давомида «Интер» клубида олиб бориладиган машғулотлар билан яқиндан танишган ҳамда италиялик мутахассисларнинг иш услубини ўрганган.
Шунингдек, Денис Иванков Украинанинг «Динамо» клуби таклифига кўра, Киев шаҳрида ҳам бўлиб, у ерда ҳам малака оширган. «Динамо» клубида малака ошириш жараёнида терма жамоанинг собиқ футболчиси, айни пайтда клубда ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб бораётган Максим Шацкихнинг ҳиссаси катта бўлган.
Маълумот учун, миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер ўз вақтида «Интер» жамоасида бош мураббийи бўлган. Денис Иванковнинг «нерадзуррилар» сафида малака оширишида Эктор Купернинг хизмати беқиёс.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)