«Челси» бош мураббийи Маурицио Сарри мавсум охирида жамоани тарк этиши ва Италияга қайтиши мумкин, дея хабар беради The Telegraph.
Sky Sports берган маълумотга кўра, 60 ёшли мутахассиснинг хизматига «Интер» ҳамда «Ювентус» клублари қизиқиш билдирмоқда.
Аввалроқ хабар берилганидек, «Челси» Европа Лигаси ғолиблигини қўлга киритган тақдирда ҳам клуб раҳбарияти Саррини истеъфога чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «кўклар» 29 май куни «Арсенал»га қарши финал учрашувини ўтказади. Клуб ушбу ўйиндан кейин сўнгги қарорни қабул қилади.
Агарда «Ювентус» мураббий учун 5 миллион фунт миқдорида товон пули тўлашга розилик берса, лондонликлар қаршилик қилмайди.
Маълумот учун, Маурицио Саррининг «аристократлар» билан тузган шартнома муддати яна бир йилдан сўнг тугайди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)