Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг курсантлари МДҲга аъзо давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ўтказилган Халқаро олимпиаданинг ҳарбий-профессионал тайёргарлик бўйича фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Халқаро олимпиаданинг мазкур йўналиши бўйича биринчилик Рязан олий ҳаво-десант қўмондонлиги билим юрти вакилларига насиб этди. Кучли учликка Қирғизистон қуролли кучлари Ҳарбий институти курсантларидан иборат жамоа якун ясади.
Таъкидлаш керакки, 2019 йилда МДҲга аъзо еттита давлатнинг 17 та олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 35 жамоа халқаро беллашувларнинг барча йўналишлари бўйича ғолиблик учун ўзаро курашди. Ҳарбий-профессионал тайёргарлик йўналиши олимпиаданинг сўнгги босқичи эди. Бунга қадар математика, информатика, ҳарбий тарих ва хорижий тиллар бўйича Халқаро олимпиада бўлиб ўтганди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари жорий йилда математика ва информатика (профессионал тайёргарлик) бўйича иккинчи ўринларни қўлга киритган эди, эндиликда улар қаторига ҳарбий-профессионал тайёргарлик бўйича ҳам эришилган натижа қўшилди.
Совриндор ўзбек курсантлари бугун, 20 май кунининг тонгида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда Қуролли Кучлар академияси жамоаси, курсантларнинг қариндошлари ва яқинлари иштирок этди.
Изоҳ (0)