13—15 май кунлари Мудофаа вазирлиги спорт клубида Ўзбекистон Қуролли Кучлари куч тузилмаларининг ҳарбий хизматчилари ўртасида кураш бўйича чемпионат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Мазкур чемпионатда Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари еттита — -60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг ҳамда 100 килограммдан ортиқ вазн тоифасида ўзаро куч синашди.
Муросасиз кечган курашлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Мудофаа вазирлиги ҳарбий спортчиларига -60 кг ҳамда -90 кг вазн тоифасида бас келадиган рақиб топилмади. Раҳмон Жумаев ҳамда Давлат Бобонов ўз вазн тоифасида биринчиликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида эса, биринчилик Ички ишлар вазирлиги жамоасига насиб этди. Мудофаа вазирлиги жамоаси — 2-ўрин. Шоҳсупанинг учинчи поғонасидан Давлат хавфсизлик хизмати терма жамоаси ўрин олди.
Мусобақа ғолиблари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)