«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари жорий йил 15—22 май кунлари Пекинида бўлиб ўтадиган Осиё мамлакатлари билан мулоқотга бағишланган биринчи анжуманда иштирок этмоқда. Бу ҳақда ҳаракат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Асосий мавзу — «Осиё цивилизацияси ва келажаги умумий ҳамжамият барпо этиш». Ушбу мавзу юзасидан муҳокамалар бир вақтнинг ўзида олтита алоҳида форумда бўлиб ўтади.

Дастур доирасида турли мамлакатлардан келган 30 минг нафарга яқин меҳмон иштирокида Осиё маданияти карнавали, Осиё цивилизацияси ҳафталиги ҳамда гастрономик фестиваль ўтказилади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов мазкур халқаро анжуманнинг очилиш маросимида табрик сўзи ҳамда Осиё цивилизацияларининг маданий хилма-хиллиги, ўзаро мулоқотни йўлга қўйишда ёшларнинг ўрни мавзуларига бағишланган форумда маъруза билан иштирок этади.

Шунингдек, тадбирлар доирасида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Глобал стратегия миллий институти, шунингдек Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган.

14 май куни Пекинда анжуман арафасида Хитой раиси Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси Пэн Лиюань номидан қабул ташкил этилди. Унда Хитой етакчиси Ўзбекистон делегациясини дўстона кутиб олди.

Норасмий тадбир давомида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Фанлар академияси президенти Акиф Ализода, Қирғизистон Фанлар академияси президенти Мурат Жуматаев, Токио университети профессори Оки Ясуши ва бошқалар билан фикр алмашди.