Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида «Ҳамшира — 2019» республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Анъавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.
Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари янада такомиллашди. Асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратиладиган бўлди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт билан бирга мамлакатдаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси баҳолашнинг муҳим мезонларидан этиб белгиланди.
Танлов натижаларига кўра Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева биринчи ўринни қўлга киритди. Фарғона вилояти перинатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зуҳрахон Ҳайдарова иккинчи, Жиззах вилояти Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси ҳомиладорлар патологияси бўлими муолажа ҳамшираси Сарвиноз Қўшбоқова учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Маълумот учун, «Ҳамшира — 2019» танлови ғолиблари тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиниши белгиланган.
Изоҳ (0)