Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат испексиясида 2019 йил 13 май куни Хитой Бош божхона бошқармасининг вазир ўринбосари Ли Гоа бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини давлат испексияси «Дарё»га хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни Хитойга экспорт қилишда фитосанитар рухсатномаларни тақдим этиш таомилларини тезлаштириш, қовун экспорти учун тегишли орган рухсатомасини олиш ҳамда полизларга қовун ҳолатини ўрганувчи хитойлик экспертларни жалб этиш, фитосанитария соҳасида ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, экспорт учун янада қулай логистика йўналишини яратиш, Ўзбекистондан Хоргос, Иркештом, Алашанкоу (Хитой-Қозоғистон чегарасидаги пунктлар) орқали Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гилос экспортига рухсатнома олиш сингари кўплаб экспорт-импорт масалалари муҳокама этилди.
Музокаралар доирасида «Ўздавкарантин» инспекцияси ва Хитой Бош божхона бошқармаси ўртасида 2019—2020 йилларда ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Ҳужжатда Хитойга қовун, анор, узум, лимон ва бошқа маҳсулотлар экспорти учун рухсатнома тақдим этиш, фитосанитар хавфлар таҳлили, лаборатория диагностикаси ва зарарсизлантириш йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан тренинглар ўтказиш сингари масалаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистондан Хоргос, Иркештом, Алашанкоу (Хитой-Қозоғистон чегарасидаги пунктлар) орқали Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, гилос экспорти ҳақида Хитой томони хабардор қилинди.
Хитой томони гилос импорти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳар бир қадоқлаш қутиларида меваларнинг номи, ишлаб чиқарилган ва етиштирилган жой номи (вилоят ёки туман), мева боғи номи, қадоқ ва унинг рўйхатга олиш рақами инглиз тилида кўрсатилиши, ҳар бир экспорт поддонининг қадоғида Ўзбек томони тарафида қўйиладиган карантин белгиси бўлиши, ҳар бир қадоқлаш қутиси ва поддонда «Хитой Халқ Республикасига экспорт қилиш учун» деган ёзув хитой ва инглиз тилларида кўрсатилган бўлиши, гилосларнинг қадоқлаш материали тоза, фумигация қилинган ҳамда гигиеник ва янги бўлиши, умуман, Хитойнинг амалдаги тегишли фитосанитария талаблари акс этган талабнома матни эълон қилинган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан ХХР Давлат божхона маъмурияти учун зарур фитосанитар инфратузилмалар барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.
Қайд этиш жоизки, 2018 йилда қадоқлаш цехларининг сони 5 тани ташкил этган, жорий йилга келиб уларнинг сони 9 тага етди. Экспортчи тадбиркорлар гилосни Хитойга мазкур цехлар орқали экспорт қилиши мумкин.
Учрашув якунида Хитой Бош божхона бошқармаси каратин департаменти экспертлари жорий йил 29 май куни Ўзбекистонга келиши маълум қилинди. Улар қовун импортига рухсатома бериш учун полизларга боради, қовун ҳолатини ўрганади, карантиндаги зараркунандаларни бартараф этиш, қовун пашшасига қарши курашишда феромон тутқич ва бошқа воситалардан фойдаланганлик даражаси ҳамда дала назорати борасида олиб борилган ишлар ҳолатини ўрганади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22—23 апрель кунлари Пекин шаҳрида Бош вазир ўринбосари Э.Ғаниев, «Ўздавкарантин» инспекцияси бошлиғи I.Эргашев Хитойнинг Бош божхона бошқармаси бошлиғи Ни Юфен билан фитосанитар талаблар асосида қатор маҳсулотлар экспортини амалга ошириш борасида музокара олиб борилган. Хитой томони аччиқ қалампир импортига рухсат берган эди.
Изоҳ (0)