Меҳнат кодекси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонунга тегишли тузатишлар киритилди. Бу ҳақда «Norma» ахборот-ҳуқуқий портали хабар берди.
Ўзгартиришлар билан Сенатда доимий асосда ишлаётган депутат ва сенатор меҳнат ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари назарда тутилган:
биринчидан, корхоналарнинг, муассасаларнинг ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган Сенат аъзосини ишдан озод қилиши шарт. У сенаторлик мажбуриятларини бажараётган вақтда унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади;
иккинчидан, Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзосига 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, кўпроқ муддатли таътил берилади. Бунда Қонунчилик палатаси депутатлари, қоида тариқасида, сессиялар оралиғидаги даврда таътилга чиқади;
учинчидан, депутатга ва сенаторга ваколатлари муддати тугаганидан кейин уларнинг розилиги билан бошқа, шу жумладан юқорироқ лавозимдаги иш ҳам берилиши мумкин. Илгариги иш жойига (лавозимига) қайтган тақдирда, уларнинг аввалги эгаллаб турган лавозимига қабул қилинган шахс билан меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддаси 2-бандига мувофиқ (тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича) бекор қилинади.
Қуйидаги ҳолларда:
- корхона, муассаса, ташкилот қайта ташкил этилган ёки ходимлари сони (штати) ўзгарган тақдирда – депутатга, сенаторга ваколатлари муддати тугаганидан кейин илгариги иш жойи бўйича бошқа аввалгисига тенг лавозим берилади. Ишга жойлаштириш мажбурияти ҳуқуқий ворис зиммасига юклатилади;
- корхона, муассаса ёки ташкилот тугатилган тақдирда – депутатга, сенаторга ўзининг розилиги билан бошқа корхонада, муассасада ёҳуд ташкилотда иш (лавозим) берилади. Ишга жойлаштириш мажбурияти юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган зиммасига юклатилади;
бешинчидан, депутатнинг, сенаторнинг ваколатлари муддати умумий иш стажига, хизмат муддатига ва аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади. Бу муайян фаолият билан шуғулланиш ёки лавозимга эга бўлиш учун ( масалан, адвокат, нотариус, судья ва ҳ.к.) малака талаби сифатида белгиланган махсус стажни ҳисоблаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)