Ўзбекистон Президентининг жорий йил 23 апрелда имзоланган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Андижон вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, уларга совға-саломлар топширилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Андижон ҳарбий прокуратураси ходимлари ҳамда Андижон шаҳрида жойлашган 528-Сафарбарлик чақируви резерви батальони ҳарбий хизматчилари Ватан озодлиги ва шаъни-шарафи учун курашган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари — Хўжаобод тумани «Манак» маҳалласида яшовчи 96 ёшли Фозилжон ота Тешабоев ҳамда Жалақудуқ туманининг «Қўштепа» МФЙсида истиқомат қилувчи 97 ёшли Зайнобиддин ота Қодиров хонадонига ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олди.
«Ҳаётим давомида жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказганман, — дейди Фозилжон ота Тешабоев. – Бир мен эмас, миллионлаб кишилар фронт азобини тортди, фронт ортида жабр кўрганлар эса ҳисобсиз эди. Аммо ўша йилларда она халқимиз кўрсатган жасорат ва матонат, сабр-тоқат чин қаҳрамонликдир. Юртмиздаги мен каби уруш қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийларига барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги очиғи, қалбимизни тоғдек кўтаряпти. Бугунги ободликни, кўркам ҳаётни кўриб, фарзандларим, невара-чевара, эвараларимнинг бахтли ҳаётига боқиб хурсандчилигимдан бошим осмонга етади. Қани энди Худо менга яна ёшлигимни қайтарса, тинмай ишлаган, халқимга бундан ҳам яхшироқ хизмат қилган бўлар эдим».
Отахонлар ўз хотираларини сўзлаб бериш асносида ёшларни бугунги осуда ва фаровон кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашга даъват этди. Уларга меҳмонлар томонидан совғалар туҳфа этилди.
Изоҳ (0)