Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ўқувчи ёшлар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Тагир Салахутдинов, Николай Денисинко ва Иван Балабай хонадонларига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида уларнинг ҳолидан хабар олинди, узоқ ва мазмунли суҳбатлар уюштирилди. Ўзбекистон Президентининг номидан уруш фахрийларининг ҳар бирига бирйўла тўланадиган 7,5 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2019 йил 23 апрель куни «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – ХХ асрнинг энг мудҳиш йилларида инсоният бошига тушган оғир мусибатни ўз кўзи билан кўриб, фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган қомусий инсонлардир.
«1942 йилда урушга сафарбар этилдим. Учта мамлакатнинг фашистлар қўлидан озод этилиши йўлида кечган жангларда иштирок этдим. Ҳозир у кунларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Сизлар бахтли инсонсизлар. Шундай нурафшон замонда, тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқдасиз. Сизларга ҳавасим келади», – дейди фахрий отахон Тагир Салахутдинов.
Уруш фахрийлари бошидан кечирган қонли воқеаларни сўзлаб бераркан, ёшлар қалбида рўшнолик замонига шукроналик, Ватанга муҳаббат ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари жўш ургани шубҳасиз.
Изоҳ (0)