Хитойнинг Сиан шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган 3 нафар спортчи финал йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
27 апрель куни бўлиб ўтган баҳсларда дастлаб 55 кг вазн тоифасида гиламга чиққан ўзбекистонлик Илҳом Баҳромов эронлик ва қирғизистонлик рақибларини мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Шунингдек, 63 кг вазнда эса жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони Элмурат Тасмурадов ҳамда 130 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Мўминжон Абдуллаев ҳам финал йўлланмасини қўлга киритди.
Бундан ташқари баҳсларда иштирок этган ўзбекистонлик бошқа бир спортчи Билан Налгиев (77 кг) чорак финалда эронлик Муҳаммад Али Гераеига имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди. 87 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Рустам Ассакалов чорак финалда туркманистонлик рақибидан устун келган бўлса, ярим финалда эронлик Ҳуссайн Нурига имкониятни бой бериб қўйди. Энди Рустам бронза медали учун баҳс киришади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)