«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.

Ҳусайн Саломий — «Ислом инқилоби қўриқчилари»нинг янги бош қўмондони

Фото: Jerusalem Post

АҚШ Эроннинг баллистик ракеталар дастури ва Яқин Шарқдаги ҳарбий фаолиятига босим ўтказиш мақсадида санкциялар жорий қилганига қарамасдан, расмий Теҳрон ўз ракета қуролларини такомиллаштиришдан воз кечмади.

Эрон ва Исроил ўртасидаги муносабатлар ўта кескинлашгани манзарасида Эрон олий раҳбарияти Оятуллоҳ Хоманаий  Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига «сайёрани АҚШ ва Исроил бебошликларидан тозалашга аҳд қилган» генерални  қўмондон қилиб тайинлади. Ҳусайн Саломийга якшанба куни генерал-майор рутбаси берилди ва у 2007 йилдан бери корпусга раҳбарлик қилиб келаётган генерал-майор Муҳаммад Али Жаъфарийнинг ўрнини эгаллади.  59 ёшли генерал Эрон – Ироқ урушлари фахрийси бўлиб, хизмат поғоналаридан бирин-кетин юқорилаб, ҳарбий-космик кучлар қўмондони вазифасини бажариб турган эди.

Исроил қуролли кучлари Эрон таъсири кучли бўлган Ироқ, Сурия, Ливандаги шиалар гуруҳлари яҳудий давлатчилиги учун энг биринчи даражали хавф деб эълон қилди ва айнан шу келажакдаги уруш учун сабаб бўлиши мумкинлигини эътироф этди.

Вашингтондаги Демократияни ҳимоя қилиш жамғармасининг илмий ходими Беҳном бин Толибли сўзларига кўра, «Эрон инқилобий қўриқчиларини бошқарган Саломийнинг тажрибаси ракеталарга нисбатан сиёсат ва гап сўзларда албатта ўз ифодасини топади». Ўз фикрига қўшимча тарзда Беҳном бин Толибли «Эрон инқилобий қўриқчилари Сурия ва Ливанда шиалар қўл остидаги ракета захираларини яхшилашга ёрдам бермоқда», деб айтади.

Саломий ўзининг бир қатор чиқишларида Исроилни Ер харитасидан ўчириб ташлаш борасида фикрлар билдирган (Исроил охирги йилларда Сурияга 300 дан ортиқ ракета ҳужумлари уюштирган).

Эрон инқилоби қўриқчилари раҳбариятидаги ўзгариш АҚШ ҳукумати мазкур ташкилотни террористик ҳаракат деб қора рўйхатга киритганидан озгина вақт ўтиб юз бермоқда.

Айни пайтда Саломий тутган позиция сўз урушларидангина иборат бўлиб турган бир вазиятда расмий Теҳрон сабрнинг таги олтин деган нақлга амал қилмоқда.

Ким Чен Ин – Путин расмий учрашувига сабаб нима?

Фото: Der Spiegel

Бу икки раҳбарнинг илк учрашувидир, қолаверса мазкур саммит-шоу икки мамлакатнинг Вашингтонга ҳам биргаликда юборган ўзига хос сигналидир, деб ёзмоқда Der Spiegel нашри.

Владимир Путин ҳали Хитой, ҳали АҚШ раҳбарлари билан музокараларда банд бўлиб юрган Шимолий Корея раҳбарига бир неча марта таклифлар юборган эди. Шимолий Корея раҳбари наздида АҚШ билан олиб борилган музокаралар натижа беравермагач, Вьетнамдаги охирги учрашув эса барбод бўлгач, бу Россия тарафга юзланишга имкон берди.  Россия ва Шимолий Корея чегараси 17 километр бўлса-да, Россия Узоқ Шарқда ўз таъсир доирасига эга бўлишни истайди.

Путин, ўз навбатида, Шимолий Корея учун кўп нарсаларни ваъда қила олмайди, сабаби — санкциялар икки тарафнинг ҳам имкониятини анча чеклаб қўйган. Аммо Ким Чен Ин учун Россия раҳбари билан оммавий ахборот воситаларида бирга тушган расмларининг эълон қилинишининг ҳам ўз рамзий маъноси бор. Музкоралар олиб боришнинг бошқача йўллари борлигини айниқса Трамп билсин. Шимолий Корея Россия тарафига у ишонади, оғир вазиятда ёрдамга келади деб ўйлайди. Тарихга назар солинса, 1950-1953 йилларда СССР КХДРга тикланиш учун ёрдам ҳам кўрсатган.

Ким учун иқтисодий таянч ҳам бирламчи масала. КХДР Хитойга иқтисодий қарамликдан ҳам қутулмоқчи. 2020 йилда КХДР ва Россия иқтисодий шериклиги ҳажмини 2 миллиард долларга етказсиҳга мақсад ҳам қилиб олди. Аммо бунга қандай эришилади, номаълум.

«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, тарафлар бартер асосида, тўловларсиз маҳсулот алмашишдан фойдаланмоқочи. Аммо бу жабҳада ўртада катта номутаносиблик мавжуд. Мисол учун, ўтган йили савдо ҳажми қуйидагича бўлган: Россия экспорти 32 миллион долларни, Шимолий Корея экспорти 2 миллион долларни ташкил этган.

Бу тизимда иқтисодий маъно йўқ, агарки қандайдир бир яширин схемалар ҳақида гап кетмаётган бўлса, албатта.

Путиннинг Ким Чен Ин билан учрашуви қисқа бўлади. Шундан сўнг Шимолий Корея раҳбари Хитойга Си Сзин Пин  билан учрашувга йўл олади. Россия ва Шимолий Корея умидлари рўёбга чиқадими ёки йўқ, вақт кўрсатади.

Ҳокимиятни топширар экан, Порошенкодан зиддиятларга тўла мерос қолмоқда

Фото: «Звезда»

The Financial Times нашрининг ёзишича, Порошенконинг якшанба кунгу сайловларда қақшатқич зарбага учраши унинг ваколатларини камситиш билан тугатилганини англатади, сабаби — украин сайловчиларининг тўртдан уч қисми уни инкор қилди. Унинг рақиби, комик Володимир Зеленский унинг айбларини фош қилган ва сайловчилар ҳурматига эришган номзод бўлиб сиёсат саҳнасига чиқди. Зеленский сайлов арафасида Порошенкога юзланиб, «мен сизнинг ҳукмингизман, мен сизнинг хатоларингиз натижасиман» деган хитобларини барчангиз эсласангиз керак.

Шунга қарамай, Порошенко ўзининг совет замонидан қолган Украинани ўзгартириш ҳисси билан амалини тарк этмоқда ва 2024 йилдаги сайловда ҳам иштирок этиш ниятида.

Порошенко Ғарб пойтахтларида Россияга қарши тургани, Халқаро валюта жамғармасидан миллиардлаб қарз олиб, кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказгани, айирмачиларга қарши (13 миндан ортиқ қурбон берилган бўлса-да) 5 йил мобайнида уруш олиб боргани билан ҳам иззат-икромда.

Шундай бўлса-да, коммунал тўловларнинг тўхтовсиз ошиб боргани, қаттиққўл сиёсат юритгани норозиликлар ўсишига олиб келди.

Порошенконинг мағлубиятига, шунгдек, коррупция машмашалари ҳам сабаб бўлди, дейиш мумкин.

Порошенконинг қайтиш борасидаги ваъдаларини рўёбга чиқариш осон бўлмайди. Сешанба куни бош вазир В. Гройсман Порошенко партиясидан ажралиб чиқиб, ўз гуруҳини тузмоқчи эканини эълон қилди. Устига-устак, Порошенконинг энг яқин уч сафдоши иши тергов маҳкамасида.

Украиналиклар олдинги сайловлардан фарқли равишда, бу сафар сайлов жараёнини тинчлик билан ўтказиб олди.