Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги кўп қаватли уйларда эски лифтларни янгисига алмаштириш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда Тошкентнинг 9 780 та кўп қаватли уйида 5 000 дан ортиқ лифт ишлайди. Уларнинг кўпи 25—30 йилдан бери хизмат қилади ва янгисига алмаштиришга муҳтож. Ҳокимликнинг дастурига кўра, умумий миқдори 85,7 миллиард сўм бўлган мингта янги лифт ўрнатилади.
Ўтган йили ҳокимлик 132 та янги лифт учун 22 миллиард сўм ажратган. Ҳозирда кетаётган ишлар бўйича видеода батафсил маълумот берилган.
Бектемир ва Учтепа туманларида 6 тадан лифт, Олмазор туманида 10 та, Яккасарой туманида 12 та, Миробод, Сергели, Яшнобод туманларида 13 тадан, Чилонзор ва Юнусобод туманларида 14 тадан, Шайхонтоҳур туманида 15 та, Мирзо Улуғбек туманида 16 та лифт янгисига алмаштирилади.
Янги ўрнатилаётган лифтлар «Ташаффус» ўзбек-корейс қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган. Улар 450 килограмгача бўлган оғирликни кўтара олади. Аввалги лифтлар 350 килограмгача кўтарар эди. Шунингдек, янги лифтлар имконияти чекланган инсонлар учун ҳам мўлжалланган, яъни унда Брайл шрифтида ёзилган рақамлар ҳам бор.
Изоҳ (0)